Вашингтонда Ўзбекистоннинг анъанавий ва замонавий тўқимачилик санъати намойиш этилди
Октябрь 02, 2026. 20:00 • 4 дақ
• 93ВАШИНГТОН, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. АҚШда мамлакатимизнинг анъанавий ва замонавий тўқимачилик санъатига бағишланган “Нақш ибтидоси. Тўрт йўл: бир анъана” кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу кўргазма мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси, Ўзбекистон Амалий санъат бирлашмаси, “Moel Bosh”, “ANOR Atelier”, Мадина Қосимбаева, “Mio Beauty” брендлари ҳамда “Санъат” ва “Ҳунарманд” журналлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазманинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг бой тўқимачилик ва амалий-бадиий меросини АҚШ жамоатчилигига кенг танитиш, анъанавий ҳунармандчилик технологияларининг замонавий ижоддаги давомийлигини намойиш этиш, Ўзбекистон–АҚШ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришдан иборат бўлди.
Тадбирда АҚШ Давлат департаменти ва Оқ уй вакиллари, дипломатик миссиялар раҳбарлари ва дипломатлар, ватандошлар, санъат ва маданият соҳаси мутахассислари, музей ходимлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Кўргазмани Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов очиб берди. У юртимиз тўқимачилик санъати мамлакатнинг кўп асрлик маданий меросининг муҳим қисми экани, миллий мато ва ҳунармандчилик намуналари халқнинг тарихи, эстетик қарашлари, амалий билим ва кўникмаларини ўзида мужассам этишини таъкидлади.
Учрашувда “Санъат” ва “Ҳунарманд” журналлари бош муҳаррири Бинафша Нодир ҳам сўзга чиқиб, экспозиция концепцияси ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, кўргазмада ўзбек тўқимачилиги фақат тайёр буюмлар орқали эмас, балки унинг яратилиш жараёни – материал, ип, дастлабки нақш ва орнаментал композициядан тортиб, тўқилган мато, кашта ва тайёр либосгача бўлган босқичлар орқали намойиш этилди.
Экспозицияда анъанавий тўқимачилик меросининг турли йўналишлари – абр мато тўқиш, қўл каштачилиги, зардузлик ва замонавий костюм дизайни қамраб олинди.
Кўргазмада марғилонлик уста Расулжон Мирзааҳмедовнинг абр матолари намойиш этилди. Унинг ишларида анъанавий абр тўқиш технологияси, орнаментал композициялар, ранглар уйғунлиги ва шахсий ижодий изланишлар мужассамлашган.
“Moel Bosh” асосчиси Зуҳра Инат ижодида анъанавий матолар ва қўл каштачилиги замонавий костюм билан уйғунлаштирилган. Дизайнернинг Марғилон усталари билан ҳамкорликда авторлик коллекциялари учун мато нақшларини ишлаб чиқиши анъанавий ҳунармандчилик ва замонавий дизайн ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг намунаси сифатида тақдим этилди.
“Suzani by Kasymbaeva” асосчиси Мадина Қосимбаева ўз ишларида анъанавий ўзбек каштачилигининг бадиий тили ва орнаментал мотивларидан фойдаланган. Экспозицияда қўл каштачилиги усулларининг замонавий буюм ва либослардаги янги пластик ҳамда функционал талқинлари намойиш этилди.
“ANOR” бренди асосчиси Дилноза Умирзакова ўзбек зардузлик анъанасини замонавий костюм дизайни билан уйғунлаштирган ишларини тақдим этди.
Тадбирда Жорж Вашингтон университети қошидаги Тўқимачилик музейи кузатув кенгаши раиси ва ўзбек сўзаналари коллекционери Брюс Баганз ҳам сўзга чиқди.
Коллекционер ўзбек икати ва сўзаналарининг бадиий қиймати, ранг ва дизайн хусусиятларига алоҳида эътибор қаратиб, мазкур санъат турларига бўлган шахсий қизиқиши ва коллекционерлик фаолияти ҳақида маълумот берди.
У Тўқимачилик музейи билан Ўзбекистон санъати ва маданияти ўртасидаги алоқаларга тўхталиб, музей коллекцияларидаги тарихий намуналар ўзбек тўқимачилик санъатининг гўзаллиги ва юксак ҳунармандчилик анъаналарини намоён этишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Брюс Баганз ўзбек сўзаналарига бағишланган икки жилдли илмий-иллюстратив нашр тайёрланаётганини маълум қилди. Мазкур нашрда дунёдаги хусусий ва музей коллекцияларида сақланаётган муҳим сўзана намуналарини жамлаш ва кенг халқаро аудиторияга тақдим этиш кўзда тутилган. Нашрни 2027 йилда Лондондаги “Hali Publications Ltd” томонидан чоп этиш режалаштирилган.
Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги фахрий консули Кэрол Лопес ҳам иштирок этиб, ўзбек тўқимачилик санъатининг мамлакат маданий меросидаги ўрни ва аҳамиятини эътироф этди.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг абр, атлас, адрас, сўзана, каштачилик, зардузлик ва миллий либосчилик йўналишларига оид намуналар намойиш этилди. Меҳмонлар миллий матолар ва қўл меҳнати асосида яратилган асарлар билан танишиб, улардаги орнамент, ранг, композиция ва техник ижро хусусиятларини кўриш имконига эга бўлди.
Тадбирда америкалик оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам иштирок этди. Улар Ўзбекистоннинг анъанавий тўқимачилик санъати, ҳунармандчилик мактаблари ва замонавий дизайнерларнинг ижодий фаолияти билан танишди.
Кўргазма Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва амалий санъат меросини АҚШда тарғиб қилиш, миллий ҳунармандчиликнинг тарихий анъаналари ва замонавий ривожланиш йўналишларини намойиш этиш нуқтаи назаридан аҳамиятли маданий тадбир бўлди.
Кўргазма натижалари Ўзбекистоннинг маданий дипломатияси доирасида миллий тўқимачилик санъатини халқаро майдонда тарғиб қилиш, миллий ҳунармандчиликнинг замонавий салоҳиятини намойиш этиш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







