The New Indian Express" газетаси: Ўзбекистонда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг камида 40 фоизи аёллар бўлиши керак
Август 17, 2024. 13:03 • 2 дақ
• 159
ДEҲЛИ, 17 август. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг етакчи нашрларидан бири – "The New Indian Express" газетасида жорий йил кузда Ўзбекистонда парламент сайлови бўлиб ўтиши ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон 27 октябрь куни парламент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари аъзоларининг ваколат муддати шу йил тугайди. Мамлакатда сўнгги парламент сайлови 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган эди", - деб ёзган газета шарҳловчиси Еши Сели.
Ҳинд журналисти бўлажак парламент сайловининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритар экан, "Бу галги сайлов мажоритар ва пропорционал тизимни бирлаштирган аралаш сайлов тизимида ўтказилади. Хусусан, сайловчилар номзодларнинг 75 нафарига бевосита мажоритар тизим асосида овоз беради", деб таъкидлаган.
Нашр, шунингдек, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши қатъий белгиланганига алоҳида эътибор қаратган.
Мухбир нашр ўқувчилари эътиборини Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги серқирра муносабатларга ҳам қаратиб, "Сўнгги йилларда икки томонлама алоқаларда сезиларли фаоллашув кузатилмоқда", деб қайд этган.
Еши Сели Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ва 2019 йил январь ойларида Ҳиндистонга ташриф буюргани, бундан ташқари икки давлат етакчилари турли халқаро тадбирлар ва виртуал саммитлар доирасида мулоқотда бўлганини урғулаган.
"The New Indian Express" газетасидаги мақола бугунги кунда икки томонлама муносабатлар барча стратегик соҳаларни қамраб олгани, жумладан, савдо ва сармоя, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, оддий инсонлар ўртасидаги алоқалар каби муҳим йўналишларда изчил ривож топаётгани ҳақидаги фикрлар билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон парламенти сайлови якунлари Покистон таҳлил марказлари диққат марказида