Logo

АҚШдаги ёш ватандошлар Янги Ўзбекистонни барпо этишда фаол иштирок этишга тайёр

Декабрь 29, 2024. 13:49 • 2 дақ

1209
АҚШдаги ёш ватандошлар Янги Ўзбекистонни барпо этишда фаол иштирок этишга тайёр

ВАШИНГТОН, 30 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида АҚШда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган фаол ватандош ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати, улар учун яратилган кенг имкониятлар, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, АҚШ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилганларга юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижалар, АҚШдаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, жумладан, яқинда ташкил этилган "Илдиз" платформаси ҳамда Ўзбекистон-АҚШ муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида сўзлаб берилди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши сари ташланаётган муҳим қадамлар ва АҚШ билан ўзаро савдо ҳажмининг жадал ўсиб бораётганига эътибор қаратилди.

2023-2024 ўқув йилида АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 1219 нафарга етгани, бу кўрсатгич 2017 йилга нисбатан икки бараварга ошгани қайд этилди. Шунингдек, 2024 йилда Тошкентда Аризона штати университети билан ҳамкорликда Америка технологиялар университетининг очилгани таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққан ёшлар кўплаб ташаббуслар илгари сурдилар. АҚШ штатларидаги ўзбек ёшлар жамоалари билан ҳамкорликда маданий, илмий ва ишбилармонлик тадбирларини ташкил этиш, Америкада фаолият юритаётган ёш ва истиқболли ўзбек мутахассислари базасини шакллантириш, улар билан турли мавзуларда семинар ва учрашувлар ташкил қилиш ҳақида таклифлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, ўзбек маданиятини АҚШда янада оммалаштириш мақсадида медиа лойиҳаларни ташкил этишнинг муҳимлиги айтиб ўтилди.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан ҳамкорликда АҚШда таҳсил олаётган ўзбек талабалари иттифоқини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Америкадаги ёшларимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш