Logo

Украина ОАВ: Янги ташкил этилган Тошкент халқаро молия маркази Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиради

Апрель 11, 2026. 13:33 • 2 дақ

59
Украина ОАВ: Янги ташкил этилган Тошкент халқаро молия маркази Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиради

КИЕВ, 11 апрель. /“Дунё” АА/. Украинанинг нуфузли “Kyiv Diplomatic” журналида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ва молиявий ислоҳотларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 30 мартдаги фармони билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган Тошкент халқаро молия маркази (ТХММ) фаолияти кенг ёритилган.

Қайд этилишича, ушбу марказ мамлакат молия секторини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишда стратегик платформа бўлиб хизмат қилади. Марказнинг асосий мақсади ­– молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш орқали ЯИМ ўсишини таъминлаш, халқаро ҳуқуқий стандартлар асосида қулай инвестиция муҳитини шакллантириш ҳамда технология, ҳуқуқ ва молия соҳаларида инсон капиталини ривожлантиришдир.

Мақолада алоҳида урғу берилган жиҳатлардан бири – марказ ҳудудида жорий этиладиган алоҳида ҳуқуқий режимдир. Хусусан, бу ерда Англия ва Уэльснинг умумий ҳуқуқи нормалари ҳамда одил судлов принциплари тўғридан-тўғри қўлланилади.

Шунингдек, халқаро инвесторлар иштирокидаги низоларни кўриб чиқиш учун Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилиши кўзда тутилган. Бундай тизим хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистон бозорига бўлган ишончини тубдан ошириши ва мамлакатнинг глобал рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Янги молия маркази банк ва инвестиция операциялари, суғурта, қимматли қоғозлар билан ишлаш, тўлов тизимлари ва рақамли активлар каби кенг қамровли фаолият турини қамраб олади. Шу билан бирга, марказ “яшил” молия ва ислом молияси каби замонавий йўналишларни ривожлантириш учун ҳам асосий платформа бўлади. Бу ерда аудиторлик, консультация ва юридик хизматлар кўрсатишга ҳам алоҳида рухсат берилган.

“Kyiv Diplomatic” нашрининг хулоса қилишича, Тошкент халқаро молия марказининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг жаҳон молия тизимига интеграциялашувини чуқурлаштиради ва мамлакатни минтақавий молиявий хабга айлантиради.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги ахборот ҳамкорлиги доирасида тайёрланган бўлиб, Европа ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш