Ёшлар форуми – 2024 доирасида Малайзияда таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашув ўтказилди
Декабрь 25, 2024. 11:28 • 3 дақ
• 420
КУАЛА-ЛУМПУР, 25 декабрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Куала-Лумпурдаги вакиллари билан ҳамкорликда "Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йили" сарҳисоби доирасида Малайзияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирокида "Ёшлар форуми - 2024" тадбири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форумда Малайзиянинг нуфузли олийгоҳларида, жумладан, Осиё-Тинч океани технология ва инновация, Малайя, "City", "Cyberjaya" "UCSI", "INCEIF", "Xiamen" университетларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган қатор муҳим ташаббуслар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунда давлат органларининг тутган ўрни алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши ва таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароитлар яратилаётгани, хорижда таълим олаётган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги эътироф этилди.
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг иштирокчиларга йўллаган видеотабриги намойиш этилди.
Малайзиядаги ўзбекистонлик ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар иштирокида келгуси йилда турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Ёшларимизнинг янги ғоя, таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги вакиллари мазкур ташкилот фаолияти хусусида атрофлича тўхталиб, унинг асосий вазифаларидан бири Малайзиядаги ёш ватандошларимизни бирлаштириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва консультатив маслаҳатлар бериш эканлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, 2024 йилда дипломатик ваколатхона томонидан ташкил этилган тадбирларда фаол иштироки учун, тенгдошлари орасида етакчилик фазилатларини намойиш этгани учун бир қатор талабаларга элчихона номидан ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.
Ўз ўрнида, Малайзияда таҳсил олаётган талаба ёшлар республикамиз ҳаётида фаол иштирок этишга, мамлакатимизни янада ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Умид Шукуров, Осиё-Тинч океани технология ва инновация университети талабаси:
- Бугун мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонасида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан талабалар иштирокида тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев ва талабалар ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Малайзияда таҳсил олаётган талабаларимиз ўз таклиф ва ташаббусларини билдиришди.
Тадбир доирасида бир қатор фаол талабаларга, шу жумладан менга ҳам ташаккурнома топширилди. Мен бундан жуда мамнунман.
Шуни айтиб ўтмоқчиманки, ушбу тадбир биз ёшлар учун жуда қизиқарли ва фойдали бўлди. Элчихонага, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясига, Ёшлар ишлари агентлигига миннатдорчилик билдираман.
Иброҳимжон Нормуҳаммадов, "Xiamen" университети талабаси:
- Ҳозирда мен Малайзиядаги "Xiamen" университетида молия йўналишида таҳсил олмоқдаман.
Бугун Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида "Ёшлар форуми – 2024" бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида биз, ёшлар, Ўзбекистон элчиси билан кўришдик. Малайзиядаги бошқа университетларда таҳсил олаётган талабалар билан ҳам танишдик.
Ўзаро мулоқот давомида ёшларга берилаётган имтиёзлар, уларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида фикр алмашдик. Бизни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли тавсия ва маслаҳатлар олдик. Ўз таклифларимизни ҳам билдирдик. Бизга яратилаётган имкониятлардан мамнунмиз. Тенгдошларимга ушбу имкониятлардан кенг фойдаланиб, Ўзбекистонга фойдаси тегадиган юқори малакали мутахассис бўлиб етишларини тилайман. Ўзим ҳам Малайзияда олган билим ва тажрибамни келажакда Ўзбекистонга қайтиб, иқтисодиёт ва молия соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшишни режа қилганман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси