Logo

1 сентябрь куни Деҳлидаги Қутб минор биринчи марта Ўзбекистон давлат байроғи рангларига бурканди

Сентябрь 02, 2025. 11:07 • 2 дақ

101
1 сентябрь куни Деҳлидаги Қутб минор биринчи марта Ўзбекистон давлат байроғи рангларига бурканди

ДЕҲЛИ, 2 сентябрь. /"Дунё" АА/. 1 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик куни Деҳли шаҳридаги қадимий меъморий ёдгорлик – Қутб минор мамлакатимиз байроғи рангларига бурканди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

1991 йил 26 декабрь куни Ҳиндистон биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. 1992 йил 18 март куни Тошкент шаҳрида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги протокол имзоланган.

Ўтган давр мобайнида икки давлат ва икки халқ ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб келмоқда. Ушбу ришталар, айниқса, сўнгги йилларда алоҳида мазмун ва суръат касб этмоқда. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди томонидан икки томонлама шериклик муносабатларини янада юксак даражага кўтариш бўйича қўйилган долзарб вазифалар ижроси доирасида 2024 йил якунларига кўра ўзаро савдо-сотиқ ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етди.

Ҳар йили Ҳиндистонда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик куни муносабати билан туркум тадбирлар ташкил этилади, мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ушбу мавзуга бағишлаб ранг-баранг мақолалар чоп этади.

Бу йилга байрам ўзгача шукуҳда тантана қилинди. Ҳиндистоннинг энг мўътабар қадамжоларидан бири ҳисобланган Қутб минор узра Ўзбекистон давлат байроғи ранглари биринчи марта жилоланди.

Ушбу воқеа ҳинд халқининг дўст ва биродар ўзбек халқига юксак ҳурмати ифодаси ва ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.

Қутб минор мажмуаси 1193 йил Деҳли султонлиги асосчиси Қутбиддин Ойбек томонидан бунёд этила бошланган ва 14 асрда у ниҳоясига етказилган. 72,6 метр узунликка эга ушбу иншоот дунёда ғиштдан қурилган энг баланд минора ҳисобланади.

1993 йил у ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш