АҚШдаги ёш ватандошлар ўртасида "Заковат" интеллектуал ўйини ўтказилди
Август 29, 2025. 09:47 • 2 дақ
• 72
ВАШИНГТОН, 29 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида АҚШдаги ёш ватандошлар ўртасида "Заковат" интеллектуал ўйини ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Билимдонлар беллашуви Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан, "Ватандошлар" жамоат фонди ва Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Унда Нью-Йорк, Массачусетс, Пенсильвания, Виржиния ва бошқа қўшни штатлардан келган ватандошлардан иборат 5 та жамоа иштирок этди. Ҳар бир жамоа 6 нафар иштирокчидан ташкил топган бўлиб, умумий ҳисобда 30 нафар интеллектуал салоҳиятга эга, фаол ва билимдон ёшлар беллашувда қатнашиш имкониятига эга бўлдилар.
Интеллектуал ўйинлар бир нечта босқичларда, мутахассислар томонидан тайёрланган махсус саволлар асосида ўтказилди. Саволлар мантиқий фикрлаш, тезкор қарор қабул қилиш, жамоавий мувофиқлик ҳамда умумий билим доирасини қамраб олди.
Беллашув якунларига кўра, Нью-Йорк штатининг "Ziyo art" жамоаси энг кўп очко тўплаб, ғолибликни қўлга киритди. Ғолиб жамоа аъзоларига эсдалик совғалари топширилди. Қолган жамоалар ҳам фаол иштироклари учун диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир доирасида Ўзбекистондан таклиф этилган санъат усталари иштирокида концерт дастур намойиш этилди.
Таъкидлаш жоизки, "Заковат" интеллектуал ўйини АҚШдаги ватандош ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиш, улар ўртасида жамоавий ҳамкорликни кучайтириш, миллий тафаккур ва маданиятни тарғиб қилиш, шунингдек, Ўзбекистон билан боғлиқликни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Бундай ташаббуслар хориждаги ўзбек жамиятининг бирдамлигини, интеллектуал ва маънавий юксалишини таъминлашда самарали платформа сифатида хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенг нишонланди