Ашхободда Ўзбекистон Мустақиллиги куни нишонланди
Сентябрь 05, 2025. 12:26 • 2 дақ
• 73
АШХОБОД, 5 сентябрь. /"Дунё" АА/. Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали расмий қабул маросими ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Туркманистон ҳукумати ва ишбилармон доиралари вакиллари, Ашхободдаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбар, ОАВ ходимлари ва бошқалар иштирок этди.
Қабул маросимида туркман томонидан асосий меҳмон сифатида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлаларо қўшма комиссияси ҳамраиси Нокергули Атагулиев қатнашди.
Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов ўз нутқида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида "Янги Ўзбекистон" ғояси асосида халқ фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар самарасида бугун ҳар бир ўзбекистонлик ўз юрти тақдирига дахлдорлигини ҳис этиб, бунёдкорлик ва тараққиёт йўлидаги ягона мақсад ва вазифалар атрофида ҳамжиҳатликни намоён этаётгани айтиб ўтилди.
Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда эришган асосий макроиқтисодий ютуқлари, мамлакатимизда "яшил" энергетика, инновацион иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони йилдан-йилга ўсиб бораётгани, хусусан ўтган йили 10 миллионлик кўрсаткичдан ошгани алоҳида қайд этилди. Халқаро майдонда Ўзбекистон ўзини яхши қўшничилик, очиқлик ва конструктив ҳамкорлик сиёсатини изчил олиб бораётган ишончли шерик сифатида кўрсатаётгани таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли янги сифат босқичига кўтарилди.
Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев ўз нутқида, Туркманистон раҳбарияти ва халқи номидан Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги билан табриклаб, юртимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
"Умумий тарихий илдизларга ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатларимиз бугун маъно ва мазмун жиҳатдан бойиб, янги босқичга кўтарилгани, бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик стратегик хусусиятга эга эканлиги, мамлакатларимиз раҳбарларининг мунтазам ўзаро ташрифлари ва олий даражадаги музокаралари ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли туртки бўлаётир", – деди у.
Тадбир доирасида Ўзбекистон иқтисодий ютуқлари, экспорт ва туризм салоҳияти, халқ амалий санъати ва маданияти кўргазмалари ташкил этилди.
Мазкур тадбир унда иштирок этган туркманистонлик ва хорижлик меҳмонларда Ўзбекистоннинг бугунги кундаги тараққиёти ва ютуқлари, шунингдек ўзбек халқининг бой маданияти ва анъаналари ҳақида ёрқин таассурот қолдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенг нишонланди