"Ammon News" газетаси: Ўзбекистон халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатидаги ўрнини мустаҳкамламоқда
Сентябрь 09, 2025. 11:50 • 2 дақ
• 48
АММОН, 9 сентябрь. /"Дунё" АА/. Иорданиянинг "Ammon News" газетаси сайтида "Янги Ўзбекистон. Миллий тикланиш ва глобал очиқлик" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Ўзбекистон амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий-ислоҳотлар қаламга олинган. "Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йилларидан қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва миллатлараро бағрикенгликни рағбатлантиришга асосланган миллий давлат қуришга катта эътибор қаратди. Шу орқали сиёсий ва ижтимоий барқарорлик асосларини мустаҳкамлаш, ўзининг суверен давлат мақоми ва минтақавий нуфузини оширувчи кенг кўламли ислоҳотлар заминини яратишни мақсад қилди", – дейилган мақолада.
Нашрда таъкидланишича, "Янги Ўзбекистон" концепцияси доирасида мамлакат иқтисодиёти кучли ўсишни бошдан кечирмоқда. Яъни ялпи ички маҳсулот ҳажми мамлакат тарихида биринчи марта 110 миллиард АҚШ долларидан ошди. "Бу ютуқ муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган "яшил" ва инновацион иқтисодиётга ўтиш бўйича муҳим дастурлар билан мустаҳкамланди", – деб ёзилган "Ammon News" мақоласида.
Шунингдек, нашрда глобал геосиёсий таранглик шароитида Ўзбекистон халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайдиган прагматик ва мослашувчан ташқи сиёсат олиб бораётгани урғуланган. Хусусан, Ўзбекистон чегарадош мамлакатлар билан дўстлик ва қўшничилик тамойиллари асосида муносабатларни кучайтирди. Россия, Хитой, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия ва Туркия каби давлатлар билан алоқалари ҳам сезиларли даражада мустаҳкамланди.
"Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллик айёмини тараққиёт ва очиқлик тимсоли сифатида кутиб олди. Ўзининг кенг қамровли ислоҳотлари, кучайиб бораётган халқаро муносабатлари ва иқтисодий тараққиёти билан Янги Ўзбекистон қадимий меросни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштирган ҳолда ўз келажагини қуришда давом этмоқда. Бу қадамлар минтақа ва бошқа давлатлар учун намунадир", – деб ёзган муаллиф.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенг нишонланди