Logo

Германиянинг Грайц шаҳрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди

Сентябрь 09, 2025. 15:41 • 2 дақ

53
Германиянинг Грайц шаҳрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди

ГРАЙЦ, 9 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ва "Анор" ўзбек-немис жамияти ҳамкорлигида Германиянинг Грайц шаҳрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Германияда истиқомат қилаётган ватандошлар, ҳамкор ташкилотлар ва дипломатик ваколатхона вакиллари иштирок этди.


Юртимиз истиқлолга эришган кун тантаналари Ўзбекистон давлат мадҳияси билан бошланди.


Ўзбекистон элчихона дипломатлари ўз чиқишларида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар ҳақида тўхталдилар.


Байрам дастури доирасида ватандошлар иштирокида миллий қўшиқ ва рақслар намойиш этилди, шунингдек, мустақилликка оид саволлар асосида "Заковат" интеллектуал ўйини ўтказилди.


Кичик ёшдаги болалар учун "Ўзбекистон – Ватаним менинг" шиори остида саҳна кўринишлари тақдим этилди. Байрам муносабати билан ўзбекона дастурхон ёзилиб, ўзбек миллий таомлари улашилди.


Шунингдек, тадбир доирасида ватандошлар билан мулоқот ташкил этилди. Элчихона вакиллари юртдошларимизнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаб, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидладилар.


Беҳруз Бозоров, "Германия ҳаёти" дастури муаллифи, блогер:


– Германиядаги ватандошлар учун бу каби маданий-маърифий тадбирлар жуда зарур. Хорижда истиқомат қилаётган, таҳсил олаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ҳамюртларимизни Ватан ва Мустақиллик каби муқаддас ва улуғ сана ҳамда қадриятлар ўз атрофида бирлаштириб туради.


Фурсатдан фойдаланиб, Германиядаги барча ватандошлар номидан юртдошларимизни Мустақиллик куни билан билан табриклайман.


Анора Саидиолимова, "Анор" жамоат бирлашмаси раҳбари:


– Бугун халқимиз тарихида ўчмас саҳифа очган қутлуғ сана –Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллигини кенг нишонладик. Мустақиллик — бу эркинлик ва озод ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи, келажакка ишонч ва масъулият тимсолидир. Шу улуғ айём билан барчангизни чин қалбимдан муборакбод этаман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш