"Китай" журнали: Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги ислоҳотлар мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган
Август 05, 2025. 11:45 • 2 дақ
• 69
ПЕКИН, 5 август. /"Дунё" АА/. Хитойдаги оммабоп "Китай" журналида "Мустақилликнинг 34 йиллиги арафасида Янги Ўзбекистон" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мақолада мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда миллий давлатчилик асослари мустаҳкамлангани, суверенитет ва чегаралар дахлсизлиги таъминлангани таъкидланган. Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
"Янги Ўзбекистонни бунёд этиш бошланганидан буён ўтган қисқа вақт ичида иқтисодий ўсиш суръатлари тезлашди, ялпи ички маҳсулот ҳажми тарихда биринчи марта 110 миллиард доллардан ошди, – дейилади нашрда. – "Яшил" ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, муқобил энергия манбаларини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли дастур ва лойиҳалар мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга, энг муҳими, мамлакат аҳолиси фаровонлигини янада юксалтиришга замин яратади".
2024 йилда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 6,4 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 5,2 фоизга кўпдир.
Журналда ёзилишича, республикада Европа капитали иштирокидаги мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, инвестиция лойиҳалари ҳажми 30 миллиард еврога етди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Россия, Хитой, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Туркия ва Осиёнинг йирик давлатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди. Айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида катта ютуқларга эришилди.
Қайд этилича, Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолиятидаги туб ўзгаришлар экспортни ривожлантиришда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Биринчи ярим йилликда экспорт ҳажми қарийб 17 миллиард долларга етиб, 33 фоизга ўсди.
Мақола якунида "Бугун республикада тарихий янгиланиш жараёнлари, Янги Ўзбекистон бунёд этиш борасидаги ислоҳотлар иқтисодий барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш, унинг имконият ва салоҳиятини юзага чиқариш учун шарт-шароит яратишга қаратилган", – деб ёзилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенг нишонланди