Янги Ўзбекистон тарихда бўлгани каби такрор янги тамаддун бешиги бўлишга қодирдир
Август 29, 2025. 09:51 • 5 дақ
• 75
ТОШКЕНТ, 29 август. /"Дунё" АА/. "Янги Ўзбекистон – янгиликларга очиқ, бағрикенг мамлакат. Дунёнинг бирор бурчагида фойдали янгилик бўлдими, унинг акс-садосини эртаси куниёқ Ўзбекистонда ҳам кўрасиз", – деб ёзган Туркиянинг "АНКАСАМ" таҳлил маркази директори, профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол "Дунё" АА учун мақоласида.

Бугун Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 34 йиллигини нишонламоқда. Шу билан бирга, тамаддунлар Ватани бўлган ушбу қадим диёрнинг давлатчилиги асрларга дахлдор экани ҳеч кимга сир эмас. Яқинда азим Самарқанднинг ёши 3000 йил деб аниқлангани – тарихий ҳақиқат. Ўзбекистон бугун ана шу қадим илдизлардан қувват олиб, тараққиёт йўлида олға илдамламоқда. Шубҳасиз, бу муваффақият ортидаги энг асосий омил – тарихий давлатчилик шуурига асосланган оқил сиёсат. Бир мамлакатни ўта қисқа фурсатда минтақавий, қолаверса глобал саҳнага олиб чиқиш мумкинлигини Ўзбекистон мисолида яққол гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу жараён ортида турган киши эса "Учинчи Ренессанс"ни шиор қилган Янги Ўзбекистон бунёдкори жаноб Шавкат Мирзиёевдир.
Шавкат Мирзиёев: халқдан куч олган етакчи
Ўзбекистонга ҳар сафаримда ҳайратга тушаман: 8-9 йил аввал жаноб Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимият тепасига келиши билан бошланган ислоҳотлар шамоли тобора жадаллашиб бораётганини кўраман. Энг асосийси бу янгиланишлар руҳи бугун ҳар бир давлат хизматчиси фаолиятига, ҳатто ҳар бир фуқаронинг онггу шуурига сингиб кетган.
Ҳа, Ўзбекистонда бугун оддий инсонларнинг ҳам кўзида мамлакат етакчиси бошлаб берган янгиланишнинг учқунини кўрасиз. Бу аслида Янги Ўзбекистон тараққиётидаги давлат ва халқ бирлиги тамойилининг инъикоси. Зеро, "Инсон қадри учун" деган шиор – Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатининг асосини ташкил қилади.
Камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар, мигрантларни қўллаб-қувватлашга мутлақо янгича ёндашув, "Инсон" марказлари воситасида муҳтожларни ижтимоий қўллаб қувватлаш, аҳолининг ижтимоий нозик қатлами бўлган ногиронлар ва қаровсиз фарзандларга нисбатан ғамхўрликнинг янги модели – мазкур сиёсатнинг амалиётдаги акси. Халқнинг асл орзу-истакларига асосланган ушбу бошқарув ёндашуви давлатнинг кучига куч қўшмоқда, мамлакат тараққиётига янги динамизм бағишламоқда.
Давлат бошқарувида беназир намуна
Президент Шавкат Мирзиёевнинг хусусияти давлат бошқарувида ҳар бир соҳани бевосита ўз назоратида тутиб, ҳеч кимни лоқайдликка берилишга йўл қўймаслигидир. Сўнгги 9 йилда мамлакатдаги улкан ўзгаришларнинг асосий сабаби ҳам шунда. Янги Ўзбекистон – янгиликларга очиқ, бағрикенг мамлакат. Дунёнинг бирор бурчагида фойдали янгилик бўлдими, унинг акс-садосини эртаси куниёқ Ўзбекистонда ҳам кўрасиз. Тошкентни айланар экансиз, ҳар кун бирор янгиликка гувоҳ бўласиз. Тошкентдаги янгиликни Андижонда, Самарқандда, Бухорода ҳам кўрасиз. Қорақалпоғистондаги имкониятлар ҳам ҳеч қаердагидан кам эсалигини кузатасиз. Очиқ тан олиб айтаман, баъзи технологиялар ва инновациялар борасида Туркияда кўрмаганларимни Ўзбекистонда кузатдим. Бу, назаримда, Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби олийларининг ҳар бир соҳадаги ислоҳотчилик ёндашувининг натижасидир.
Дунё ва янгиликлар билан ҳамнафаслик мамлакатнинг ичида ҳам янги тўлқинни яратмоқда. Янги Ўзбекистоннинг янги авлоди бўй кўрсатмоқда. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг муваффақиятлари бунинг ёрқин ифодасидир. 2000 нафар ёш муҳандис робот йиғиб, Гиннес рекордлар китобида Ўзбекистон номини қайд этгани, мамлакат ёшлари Топ-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллагани – бу соҳадаги ислоҳотлар самараси, деб биламан.
Бу ютуқлар спортда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Ёзги Париж Олимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг бутун туркий ва мусулмон мамлакатлар ичида энг яхши натижа кўрсатгани бежиз эмасди. Бу ёзда эса, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Марказий Осиёдан Жаҳон чемпионатида чиққан илк жамоа бўлгани эса – муваффақиятлар силсиласи асло тасодиф эмаслигини, узоқни кўзлаб бошланган мақсадли ислоҳотлар натижаси эканини исботлади. Дарвоқе, мазкур спорт мусобақаларидаги ғалабаларда ўта муҳим бир қирра кишини алоҳида таъсирлантирди. Гап ўзбек спортчиларининг зафарларини қўшни мамлакатлардаги ихлосмандлар ҳам катта қувонч билан қаршилагани, Ўзбекистон жамоасига мухлислик қилгани ҳақида. Бу аслида Шавкат Мирзиёев билан Марказий Осиёга кириб келган мутлақо янги босқичнинг нишонасидир.
Марказий Осиёда янги муҳит: "Мен"дан "Биз"га
2016 йилда Ўзбекистонда бўлган ўзгаришларни Марказий Осиё тақдири жиҳатидан ҳам бурилиш нуқтаси деб ҳисоблайман. Зеро, Шавкат Мирзиёевнинг минтақа ободлиги йўлидаги хизматлари беқиёс. У аввало давлатлар ўртасида мавжуд чегаралараро низоларга чек қўйди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланган кун – Президент Шавкат Мирзиёев интилган узоқ йиллик жараённинг натижаси бўлди. Энг асосийси бу битимга минтақа давлатларининг ўзи эришди. Ташқи кучларнинг воситачилигига ҳожат қолдирилмади.
Ўзбекистон раҳбари чегаралар масаласини ҳал қилиш баробарида, ундан ҳам муҳимроқ ишнинг уддасидан чиқди – халқлар онгидаги психологик тўсиқларни бартараф этди. Бугун ўзбек спортчисига қозоқ ва қирғиз ҳам мухлислик қилмоқда. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон 2031 йилги Осиё кубогини биргаликда ўтказиш учун ариза бергани ҳам Ўзбекистон етакчиси ташаббусининг ширин меваси саналади.
Яна бир гап, Ўзбекистонга келаётган туристлар сони борасида қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари етакчилик қилмоқда. Яъни, чуқурроқ эътибор қаратилса, Марказий Осиёдаги ҳамжиҳатлик Ўзбекистонга каррасига манфаат келтиради. 3 йил аввал бошланган Тошкент халқаро инвестиция форуми аллақачон ўз минтақасидаги "Давос"га айланиб улгурди. Самарқанд тарихда бўлгани каби маданий-маърифий халқаро тадбирлар марказига айлангани Ўзбекистон лидерининг оқилона сиёсати сабаб Марказий Осиёда яратилган ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг натижаси эмасми?
Минтақадан жаҳон саҳнаси сари
Ўз минтақасида юксалиб ишончли геосиёсий иштирокчига айланган Ўзбекистоннинг дипломатия географияси тобора кенгаймоқда. Сўнгги йилларда мамлакат ўзининг яқин ва узоқ хориждаги анъанавий шериклари билан алоқаларни мустаҳкамлаш баробарида, янги минтақаларга ҳам кириб бормоқда. Уларнинг ичида фаровон ва инвестицияларда катта ҳисса қўшаётган Кўрфаз араб мамлакатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Яқинда бўлиб ўтган Иордания Подшоҳининг Ўзбекистонга тарихий ташрифини ҳам бу доирада баҳолаш зарур. Республиканинг Узоқ Шарқ мамлакатлари билан алоқаларидаги ривожланиш ҳам эътиборга молик. Қирғизистон орқали Хитойга қурилаётган темир йўл лойиҳаси, яқинда Авазада бўлиб ўтган "Ўзбекистон-Туркманистон-Озарбайжон" форматидаги саммит доирасида "Ўрта коридор"дан самарали фойдаланиш келишуви Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилади.
Бу жараёнлар Евроосиёнинг юраги бўлган Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб ўртасидаги олтин ҳалқага айлантириш учун катта имконият яратади.
Инчунин, ўз халқига таяниб, унинг қадимий тарихидан куч олиб, олға интилаётган Янги Ўзбекистон тарихда бўлгани каби такрор янги тамаддун бешиги бўлишга қодирдир.
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги барчамизга муборак бўлсин, Ўзбекистон дунё тургунча турсин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенг нишонланди