Logo

Профессор Шаҳид Таслим: Мен ёшларга ўзбек тилидан сабоқ бераётганимдан фахрланаман

Август 27, 2025. 19:07 • 2 дақ

61
Профессор Шаҳид Таслим: Мен ёшларга ўзбек тилидан сабоқ бераётганимдан фахрланаман

ДЕҲЛИ, 27 август. /"Дунё" АА/. Жамия Миллия Исломия Марказий университети Чет тиллар департаменти раҳбари, профессор Шаҳид Таслим (Ҳиндистон) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан халқимизга ўзининг байрам табрикларини изҳор қилди:

 – Мен бутун ўзбек халқини, Ўзбекистондаги барча дўстларимни яқинлашиб келаётган Мустақиллик кунининг 34 йиллиги билан самимий табриклайман.

Дунёдаги мураккаб жараёнларга қарамасдан, 34 йиллик давр Ўзбекистон учун тараққиёт ва мустаҳкамланиш йиллари бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланиш жараёни жаҳон ҳамжамияти диққат эътиборида турибди. Мамлакат географик нуқтаи назардан дунёнинг марказий минтақаларидан бирида жойлашган. Унинг фаол ташқи сиёсати халқаро майдонда эътироф этилмоқда ва хориж давлатлари билан серқирра алоқалар мазмунан бойиб бормоқда.

Жумладан, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳам изчил ривожланмоқда. Жуда кўп ҳинд компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритмоқда.

Шунингдек, мамлакатларимиз аҳолиси ўртасидаги ўзаро борди-келди муносабатлари сезиларди тарзда юксалиб бормоқда. Мен, айниқса, туризм, илм-фан, таълим ва бошқа йўналишлардаги ришталар фаоллашаётганига эътибор қаратмоқчиман.

Университетимиз талабалари бошқа чет тиллари қатори ўзбек тилини ҳам ўрганиш имкониятига эга. Тўрт йиллик ўқув курсларидан кейин биз уларга диплом ва сертификатлар топширамиз.

Мен 2004 йилдан бери университетимизда талабаларга ўзбек тилидан сабоқ бериб келаётганимдан мамнунман. Бундан ташқари бир нечта дарслик ёзиш ва луғатлар тузишга ҳам эришдим.

Университетимиз Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент шарқшунослик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ва тегишли меморандумлар имзолаган.

Яқинда профессор Нишот Манзар Ўзбекистонда илмий сафарда бўлиб қайтди. Ушбу тарихчи олимимиз ўрта асрларда яшаб ўтган машҳур мутафаккир Абдураззоқ Самарқандий илмий меросини ўрганиш бўйича етакчи мутахассислардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда биз университетимизда бакалавриат дастурига ўзбек тили, адабиёти ва маданияти бўйича мутахассисликни киритишга тайёргарлик кўраяпмиз. Шунингдек, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ҳамда Фарғона водийсида жойлашган олий билим юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ниятидамиз. Чунки бундай шериклик муносабатларининг юксак аҳамиятини яхши англаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги барча устозларим ва дўстларимни Мустақиллик байрами билан яна бир бор қутлайман!

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш