Logo

Санкт-Петербургдан табрик: Ўзбекистон мустақиллик йилларида иқтисодий позицияларини мустаҳкамлаб, Марказий Осиёда етакчи давлатлардан бирига айланди

Август 28, 2025. 15:46 • 2 дақ

72
Санкт-Петербургдан табрик: Ўзбекистон мустақиллик йилларида иқтисодий позицияларини мустаҳкамлаб, Марказий Осиёда етакчи давлатлардан бирига айланди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 28 август /"Дунё"АА/. "National Business" журнали бош муҳаррири Анна Савчук (Россия) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз халқига ўзининг байрам қутловларини йўллади, деб хабар бермоқда "Дунё" AA мухбири.

– Россиянинг янги авлод раҳбарлари учун мўлжалланган "National Business" бизнес журнали таҳририяти номидан сизларни Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги билан чин дилдан табриклайман.

Ушбу байрам нафақат эркинлик ва мустақил ривожланиш йўлида тарихий танлов рамзи, балки кучли, барқарор ва жаҳон ҳамжамиятига очиқ давлат қуришга қаратилган қатъиятнинг ифодасидир. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон жиддий ютуқларга эришди. Мамлакат жадал ривожланиш йўлида кетмоқда, иқтисодий позицияларини мустаҳкамлаб, Марказий Осиёда етакчи давлатлардан бирига айланди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, жорий йилда биз илк бор Тошкентдаги халқаро инвестиция форумида иштирок этдик. Бу тажриба республиканинг инвестиция муҳити билан яқиндан танишиш, янги алоқалар ўрнатиш ва Ўзбекистон ўз келажагини қандай жонли, очиқ ва иштиёқ билан қураётганини кўриш имконини берди.

Биз бундай ташаббусларнинг икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратишига, бизнес, маданий алмашинув ва қўшма лойиҳалар учун янги уфқларни очишига ишонамиз.

Ўзбекистон ва унинг халқига барқарор фаровонлик ва равнақ ҳамроҳ бўлишини, давомий ва изчил ривожланиш, минтақадаги етакчи позициясини мустаҳкамлаб, белгиланган стратегик мақсадларни муваффақият билан амалга оширишни тилаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкам бўлиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳар икки томон учун барқарор ва ижобий натижалар олиб келсин.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш