Logo

Доҳада Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан расмий қабул ўтказилди

Октябрь 02, 2025. 17:40 • 2 дақ

76
Доҳада Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан расмий қабул ўтказилди

ДОҲА, 2 октябрь. /"Дунё" АА/. Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантанали қабул маросими ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Қатар давлат идоралари ва расмий доиралари вакиллари, Доҳада аккредитациядан ўтган хорижий мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, жамоатчилик ва бизнес доиралари ҳамда Қатарда истиқомат қилаётган ўзбек диаспорасининг фаол вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, қабул маросимида Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазири Абдулла Ал-Субаий, давлат вазири – Қатар миллий кутубхонаси раиси Ҳамад Ал-Каварий, Ташқи ишлар вазири бош котиби Аҳмад Ал-Ҳаммадий, Ташқи ишлар вазирлиги Давлат протоколи директори Иброҳим Фахрулар қатнашди.

Қабул маросимида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ривожланиш динамикаси, икки томонлама стратегик шерикликнинг кенгайиб бораётган йўналишларига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Иштирокчилар эътиборига Ўзбекистон-Қатар алоқалари тарихи, амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, маданий ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Расмий қисмдан сўнг, Ўзбекистон келган мақом санъати хонандалари иштирокидаги концерт дастури бўлиб ўтди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий меҳмонларга Тошкентдан келган ошпазлар томонидан тайёрланган анъанавий ўзбек таомлари, палов улашилди.

Шунингдек, Қатарда фаолият юритаётган ўзбек тадбиркорлари томонидан миллий ўзбек кийимлари намойиши ташкил этилди.

Шайх Холид Ал-Сулайтий, "Katara" маданий маркази раҳбари:

–                 Юқори савияда уюштирилган мазкур қабул маросимида иштирок этиш биз учун катта шараф. Тадбир доирасида тақдим этилган иқтисодий имкониятлар, инвестицион лойиҳалар ва бой маданий дастур Ўзбекистоннинг замонавий имижи ва салоҳиятини яққол намоён этди. Қатар Ўзбекистон билан ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори.

Муҳаммад Али, Қатар Ички ишлар вазирлиги вакили:

– Ўзбек миллий мусиқаси, миллий таомлари ва бошқа маданий намойишлар орқали Ўзбекистон халқига хос самимийлик ва меҳмондўстликни яна бир бор ҳис этдим. Бундай тадбирлар халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

 

 

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш