Покистон пойтахтида Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида эришилган натижаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
Август 09, 2025. 08:04 • 3 дақ
• 204
ИСЛОМОБОД, 9 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Исломобод шаҳрида Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуман Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларда кузатилаётган ижобий динамика, 2025 йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва режалаштирилган устувор вазифалар тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўтказилди.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев матбуот анжумани аввалидаги нутқида, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро ишончи муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Йил бошидан бери ўтказилган икки томонлама олий ва юқори даражадаги мулоқотлар, жумладан, 25-26 февраль кунлари Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга бўлиб ўтган расмий ташрифи доирасида икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзолангани қайд этилди. Ташриф якунларига кўра эса, барча келишувларни самарали амалга оширишни таъминловчи қўшма "Йўл харитаси" ишлаб чиқишга келишилди. Маърузада Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. 17 июль куни Кобул шаҳрида уч давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишнинг ТИА асоси бўйича Ҳадли битим имзолангани урғуланди.
Ўзбекистон расмий вакили иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолатига тўхталиб, 2024 йилда икки томонлама савдо ҳажми 400 миллион доллардан ошганини, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 253,7 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 123 фоизга ўсгани билдирди. Яқин истиқболда савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Элчихона томонидан Исломобод, Лаҳор ва Карачида "Made in Uzbekistan" кўргазмалари ва "Food Fest" тадбирлари ўтказилди ҳамда умумий қиймати 120 миллион доллар бўлган янги тижорат ва инвестиция шартномалари имзоланди., Лаҳор ва Карачида Ўзбекистон-Покистон Савдо уйлари очилди, турли идоралараро ва бизнес делегацияларнинг ташрифлари ташкил этиш этилди.
Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасидаги товарлар сонини 17 тадан 100 тагача ошириш, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида уч томонлама транзит савдо битими лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида музокаралар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.
Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси раҳбари ОАВ вакилларини Ўзбекистоннинг инвестиция ва туризм йўналишларида жозибадор мамлакат сифатида тарғиб қилишга чақирди.
Транспорт-логистика соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, Тошкент ва Лаҳор ўртасида 2 та, Тошкент ва Исломобод ўртасида 1 та авиарейс амалга оширилмоқда. Қўшма логистика компаниясини ташкил этиш бўйича ишлар олиб давом этмоқда, мамлакатимиз, шунингдек, Карачи ва Гвадар портларидан минтақавий ва халқаро бозорларга чиқиш учун фаол фойдаланиш ниятида экани таъкидланди.
Покистон ОАВ ходимлари эътиборига маданий-гуманитар ва туризм йўналишларидаги тадбирлар, алмашинув лойиҳалари, Ўзбекистон ва Покистон ҳудудида ташкил этилган халқаро анжуманларда икки мамлакат делегацияларининг иштироки ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида интерактив савол жавоб сессияси ўтказилди ва Покистон ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси