Logo

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати тантанали қабул маросими ўтказилди

Сентябрь 26, 2025. 16:18 • 51 сония

58
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати тантанали қабул маросими ўтказилди

ИСТАНБУЛ, 26 сентябрь. /"Дунё" АА/. Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан ўтказилган қабул маросимида Туркия Буюк миллат мажлисидаги "Ўзбекистон–Туркия" дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Қувоничбек Омуралиев, "Marmara Group" стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси раиси Аккан Сувер, Туркий дунё шаҳарлари уюшмаси бош котиби Фахри Солак, Истанбул шаҳар ҳокимлиги, "Baykar" компанияси бош директорининг ўринбосари Хусейн Топуз, Туркия парламенти собиқ депутати ва соғлиқни сақлаш вазири Ахад Андижан, Истанбулдаги дипломатик корпус ва етакчи турк компаниялари раҳбарлари қатнашди.

Тадбир давомида Чокай Кочарга Ўзбекистоннинг Туркиядаги маданият элчиси ва машҳур блоггер Сердар Тунжерга эса Ўзбекистоннинг Туркиядаги туризм элчиси этиб тайинлангани ҳақидаги сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон истиқлолга эришган кун билан юртдошларимизни табриклаш баробарида, мустақиллик йилларида эришилган натижаларни, Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган янгиланишларни юксак баҳоладилар.

 Байрам кечасининг маданий қисмида ўзбек эстрада хонандалари иштирокида концерт дастури ва Ўзбекистон рассомлари кўргазмаси ташкил қилинди.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш