Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги "Ватан учун, миллат учун, халқ учун!" шиори остида ўтказилади
Июль 13, 2025. 14:22 • 2 дақ
• 508
ТОШКЕНТ, 14 июль. /"Дунё" АА/. Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида" ги қарори қабул қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Президент қарорига мувофиқ, 2025 йилда Мустақиллик байрами Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб тарзда, юксак савияда нишонланади. Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари эса "Ватан учун, миллат учун, халқ учун!" деган ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилади.
Байрам Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ҳамда туманлар, қишлоқ ва овулларда муносиб нишонланиши таъминланади. Шунингдек, байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси тузилади.
Жойларда Мустақиллик байрамининг юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги аҳамиятига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот
ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, умумхалқ сайиллари, маданият ва спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкорлар, маданият ва санъат арбоблари, спортчилар, жамоатчилик вакилларидан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этилади.
Ҳужжатда "Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари" деган шиор остида навқирон авлодимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунарлар, она тили билан бирга хорижий тилларни, IT технологияларини эгаллашлари, тадбиркорлик билан шуғулланишлари, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқаришлари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратиб берилаётгани, бунга жавобан ўғил-қизларимиз турли соҳаларда дастлабки қувончли ютуқларга эришаётганлари ҳақидаги тадбир ўтказилиши назарда тутилган.
Шунингдек, "Армия ва халқ – бир тану бир жондир!" деган шиор асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, мард ва жасур аскар ва офицерларимизнинг жисмоний, маънавий-руҳий тайёргарлигини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар кенг тарғиб қилинади.
Қарорда таъкидланишича, Маданият вазирлиги Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган асосий байрам тадбирининг дастури ва сценарийсини ишлаб чиқади ҳамда уни юксак ғоявий-бадиий савияда тайёрлаш чораларини кўради.
Бундан ташқари, "Она диёр – ранглар жилосида", "Ватан учун яшайлик!", "Энг улуғ, энг азиз" каби анъанавий кўрик-танловлар ўтказиш белгиланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенг нишонланди