Франциядан муносабат: Самарқандда ўтган Ўзбекистон-Иордания саммити икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорликка барқарор суръат бағишлайди
Август 28, 2025. 10:16 • 2 дақ
• 45
ПАРИЖ, 28 август. /"Дунё" АА/. Европада прогнозлаш ва хавфсизлик институти эксперти, Ўзбекистон бўйича мутахассис Жан-Антуан Дюпра (Франция) "Дунё" АА учун интервьюсида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг 25-26 август кунлари Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи якунларини изоҳлади:

– Иордания Подшоҳининг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат раҳбарлари ўртасида ўтган йилларда ўрнатилган яқин муносабатларни давом эттирувчи муҳим воқеа бўлди. Ташриф расмий дастурининг асосий тадбирлари жаҳоннинг тарихий дурдонаси – афсонавий Самарқандда бўлиб ўтди.
Музокараларда халқаро ва минтақавий сиёсат, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки томонлама келишувлар, хусусан, кимё, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувлар соҳасида шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган. Бу турли даражадаги кенг кўламли дастлабки ишлар натижаси эди. 2025 йил февраль ойида Ўзбекистон ва Иордания Савдо-саноат палаталари Амманда савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган англашув меморандумини имзоладилар. Мазкур ҳужжат бизнес миссиялари ва тадбирларини ташкил этиш, семинарлар ўтказиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, савдо ва инвестиция қонунчилиги бўйича ахборот алмашишни назарда тутади. Икки давлат ўртасида ташкил этилаётган Ишбилармонлар кенгаши сармоявий имкониятларни ривожлантиришга қаратилган.
Жорий август ойида Амманда икки мамлакат инвестиция, саноат ва савдо вазирлари бошчилигидаги делегацияларнинг учрашуви бўлиб ўтди. Унда соғлиқни сақлаш, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги хом ашёси ва давлат-хусусий шериклик каби соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг истиқболли тармоқлари белгилаб олинди.
Транспорт соҳасида 2022 йил декабрь ойидан бошлаб йўлга қўйилган Амман ва Тошкент шаҳарлари ўртасидаги чартер рейслари хизмат сафарлари ва савдо миссияларини осонлаштирмоқда. 2024 йил октябрь ойида Куала-Лумпурда бўлиб ўтган форумда икки давлат авиация маъмурияти мамлакатлар ўртасида парвозларни амалга оширувчи авиакомпаниялар сонига қўйилган чекловларни бекор қилиш тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Бу эса тўғридан-тўғри рейслар ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни, хусусан, диний туризм сегментини ривожлантиришга йўл очди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2024 йилда Иордания ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 4,6 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистон Иорданияга мис, қуритилган мевалар, тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилади, Иордания Ўзбекистонга фармацевтика маҳсулотлари, асбоб-ускуналар ва кимё маҳсулотлари етказиб беради.
Ишончим комилки, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Иордания олий даражадаги учрашуви икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорликка янги барқарор суръат бағишлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенг нишонланди