Logo

Хитойдан муносабат: Ўзбекистон очиқлик йўлини фаол давом эттирмоқда ва ишбилармонлик муҳитини яхшиламоқда

Июль 25, 2025. 11:58 • 3 дақ

73
Хитойдан муносабат: Ўзбекистон очиқлик йўлини фаол давом эттирмоқда ва ишбилармонлик муҳитини яхшиламоқда

ПЕКИН, 25 июль. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "SINOMA Energy Conservation" компанияси бошқаруви раиси Мэн Цинлин Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистондаги муваффақиятли тажрибаси, эришилган ютуқлар ва ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди:

– Биз Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида эришилган улкан ютуқларни юксак қадрлаймиз. У Ўзбекистонни Марказий Осиёда "яшил" энергетикага ўтишнинг эталонига айлантириш ва 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия улушини 54 фоизга етказишни ўз олдига улкан мақсад қилиб қўйди. 2025 йилни "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" деб эълон қилиш тўғрисидаги фармон барқарор ривожланишга истиқболли ёндашувни акс эттиради. Бу ташаббуслар нафақат мамлакатингиз учун ривожланиш векторини белгилаб беради, балки бутун Марказий Осиё минтақасини руҳлантиради.

Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида салмоқли муваффақиятларга эришилди. 2025 йилда Ўзбекистон барқарор ривожланиш глобал индексида 19 поғона юқорилаб, 62-ўринни эгаллади, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 45 фоизига эришилди ёки муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу ютуқлар БМТ экспертлари томонидан юқори баҳоланди ва мамлакат минтақада "яшил" ўтиш намунасига айланди.

Ўзбекистон очиқлик йўлини фаол давом эттирмоқда, ишбилармонлик муҳитини яхшиламоқда, бу Жаҳон банкининг ижобий баҳоси билан тасдиқланган ва халқаро инвесторларнинг ишончини оширмоқда. "Яшил" ривожланиш саноатлаштириш марказида эканлиги алоҳида аҳамиятга эга – "яшил" энергетикани фаол ривожлантириш ва саноатни декарбонизация қилиш бизнинг илғор технологияларга асосланган барқарор келажак ҳақидаги қарашларимизга тўлиқ мос келади ва ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг экологик йўналтирилган ривожланиш соҳасидаги ғояларини, мамлакатнинг барқарор иқтисодиётга ўтишдаги қатъиятини қўллаб-қувватлаган "CNBM Energy Conservation" "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" ташаббусига фаол жавоб бериб, Навоий вилоятида энергия сақлаш тизимига эга қуёш энергияси лойиҳасини қуришга сармоя киритди.

Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу нафақат тоза энергиядан фойдаланишни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни намойиш этади, балки "Ўзбекистон – Марказий Осиёда энергетикага ўтишнинг эталон" концепсиясини ҳаётга татбиқ этиш ва қайта тикланадиган энергия улуши бўйича 2030 йилга мўлжалланган мақсадни амалга оширишга қўшилаётган аниқ ҳиссадир.

Лойиҳа ишга туширилгач, ҳар йили 740 миллион кВт/соат "яшил" электр энергияси ишлаб чиқарилади, 300 минг тонна стандарт ёқилғи тежалади ва 700 минг тонна карбонат ангидрид гази чиқиндилари камаяди. Бу Ўзбекистонда кимё саноатининг кам углеродли трансформациясига катта ҳисса қўшади ва минтақа учун ёрқин намунага айланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда энергия тежовчи технологиялардан фойдаланган ҳолда саноат корхоналарини модернизация қилиш, шамол ва қуёш энергиясини ишлаб чиқариш, қаттиқ маиший чиқиндиларни комплекс утилизация қилиш бўйича лойиҳалар ҳам фаол ишлаб чиқилмоқда. Бу ташаббусларнинг барчаси Ўзбекистон Президентининг "яшил" ривожланиш стратегияси ва мамлакат иқтисодиётини модернизация қилишнинг долзарб эҳтиёжларига тўла мос келади.

Биз илғор ва ишончли технологияларни баҳам кўришга, самимий шериклик муносабатларини ривожлантиришга ҳамда "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" давлат дастурида белгиланган мақсадлардан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистоннинг муқобил энергетикага ўтиш даври манфаати йўлида ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрмиз.

Ишончимиз комилки, яқин ва самимий ҳамкорлик орқали мамлакатларимиз Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши ва экологиясини яхшилашга кучли туртки бериб, ўзаро манфаатли натижаларга эриша олади.

Биз муваффақиятли, ўзаро манфаатли ва барқарор ҳамкорликнинг янги бобларини ёзиш учун ўзбекистонлик шерикларимиз билан аниқ мақсадлар сари одимлашда давом этамиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш