Logo

Сеулдан муносабат: Инсон салоҳиятини ривожлантириш, инновациялар ва рақамли трансформацияга қаратилган ислоҳотлар Ўзбекистонни нафақат минтақада, балки жаҳонда ҳам етакчи давлатлардан бирига айлантиради

Июль 27, 2025. 08:11 • 4 дақ

72
Сеулдан муносабат: Инсон салоҳиятини ривожлантириш, инновациялар ва рақамли трансформацияга қаратилган ислоҳотлар Ўзбекистонни нафақат минтақада, балки жаҳонда ҳам етакчи давлатлардан бирига айлантиради

CЕУЛ, 27 июль. /"Дунё" АА/. Жунбий Кореянинг "BOMI Engineering & Construction Co., Ltd."  компанияси ижрочи директори Шин Донг Кюн Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида "Дунё" АА учун берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Бизнинг компания "Tashkent City" халқаро бизнес маркази ҳудудида энг замонавий ва юқори технологияли "BOMI Financial Center" кўп қаватли офис биносини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда. Жорий йил сентябрь ойида мазкур бино фойдаланишга топширилади. Мажмуанинг умумий майдони100 минг квадрат метрни ташкил этиб, 30 қаватли ер усти ва 3 қаватли ер ости қисмларини ўз ичига олади. Бу Ўзбекистондаги биринчи инвестициявий лойиҳамиз бўлиб, уни муваффақиятли деб аташга тўлақонли асосимиз бор.


Албатта, лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичида биз қатор қийинчиликларга дуч келдик. Мамлакатнинг маҳаллий шароитлари ҳақида чуқур маълумотга эга бўлмаганимиз, аниқсизлик, маъмурий жараёнлар, солиқ тизими ҳамда ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ муаммоларни бошимиздан ўтказдик. Бироқ, маҳаллий ҳокимият органлари билан изчил мулоқот ва очиқ ёндашув туфайли, биз барча тўсиқларни енгиб ўтишга эришдик. Бугунги кунда ўз фаолиятимизни тўлиқ ишонч билан давом эттирмоқдамиз.


Жорий йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташкил этилган IV Тошкент Халқаро инвестиция форумида "BOMI Engineering & Construction" директорлар кенгаши раиси иштирок этди. Бу тадбир бизга Ўзбекистон бозорининг жозибадорлиги ва мамлакатнинг хорижий инвестициялар учун очиқлигини яна бир бор тасдиқлади.


Бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистонда кўп йиллар давомида барқарор ва ишончли фаолият олиб борадиган компанияга айланиш. Биз мамлакат иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшишни, янги иш ўринлари яратишни, замонавий технологияларга сармоя киритишни ва сифатли инфратузилма барпо этишни ният қилганмиз.


Шу билан бирга, фаолиятимизни фақатгина бизнес мақсадлари билан чеклаб қўймаганмиз. Компаниямиз фалсафасига мувофиқ, "BOMI Engineering & Construction" ижтимоий масъулиятни ўзининг корпоратив миссиясининг ажралмас қисми деб билади. Биз маҳаллий жамият ривожига ҳисса қўшиш имкониятларини, таълим дастурлари, стипендиялар, хайрия ташаббуслари ва волонтёрлик лойиҳалари орқали, фаол ўрганмоқдамиз.


2018 йилдан буён Ўзбекистон билан ишлаётганимиз боис, мамлакатингизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга бевосита гувоҳи бўлиб келяпмиз.


Ўзбекистон бугунги кунда барқарор ўсиш, минтақавий етакчилик ва дунё билан очиқ ҳамкорликка интилишини ўзида акс эттирувчи кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири иқтисодий диверсификация бўлиб, давлат анъанавий тармоқлар, жумладан пахта етиштириш ва табиий газ қазиб олишга боғлиқликни босқичма-босқич камайтириб, интеллектуал салоҳият, инновацион технологиялар ва хизмат кўрсатиш соҳаси ривожига устувор аҳамият бермоқда.


Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсий позицияси, минтақавий ташаббуслар ва иқтисодий бирлашмаларда иштирок этиши геосиёсий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъйи-ҳаракати билан мамлакат тобора Шарқ ва Ғарб ўртасида муҳим кўприк, шунингдек, Евроосиёда асосий транзит ва мулоқот майдонига айланмоқда. Шу билан бирга, ташқи инвестициялар ҳажми ошиб бормоқда, халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда.


Ислоҳотлар кун тартибида инсон салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш ва илмий-технологик салоҳиятга йирик сармоялар инновацион ўсиш ва рақобатбардошликни ошириш учун мустаҳкам асос яратилган. Бу борада давлат бошқарувини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши кураш ва иқтисодиётни рақамлаштиришга қаратилган халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.


Ўзбекистон етакчиси рақамли трансформацияни мамлакат тараққиёти стратегиясининг асосий элементи сифатида белгилаган. Шубҳасиз, бу йўналишда Ўзбекистоннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири Жанубий Кореядир. Электрон бошқарув, сунъий интеллект ва "ақлли шаҳар" яратиш соҳасидаги қўшма лойиҳалар мамлакатнинг технология соҳасидаги фарқни тезда қисқартиришга ёрдам бермоқда.


Жанубий кореялик ҳамкорлар томонидан фаол қўллаб-қувватланаётган "Рақамли Ўзбекистон – 2030" миллий стратегияси аллақачон сезиларли самаралар бермоқда - давлат хизматлари сифати яхшиланмоқда, инфратузилма ривожланмоқда, глобал технология стандартларига интеграция кучаймоқда.


Маданий алмашинув дастурлари, қўшма фестиваллар ва шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорлик келишувлари сони ошиб бормоқда. Жанубий Корея соғлиқни сақлаш муассасалари, касбий таълим марказлари ва диагностика клиникаларини барпо этишда Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаяпти. Бу жамоат хизматлари сифати ошиши ва халқлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишига тўғридан-тўғри ҳисса қўшмоқда.


Мамлакатингизда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириб келаётган инсон сифатида Ўзбекистонга тинчлик, барқарорлик ва янада гуллаб-яшнаган келажак тилайман. Мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва очиқ, ҳамкорликка тайёр сиёсат албатта ўз самарасини бермоқда. Инсон салоҳиятини ривожлантириш, инновациялар ва рақамли трансформацияга қаратилган саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида ҳам етакчи давлатлардан бирига айлантиришига шубҳа йўқ. Халқаро ҳамжамиятнинг ишончи ва қўллаб-қувватлови билан Ўзбекистон барча соҳаларда муваффақиятларга эришишига тилакдошман.


"Tashkent City" ҳудудида барпо этилаётган ва яқинда фойдаланишга топшириладиган "BOMI Financial Center" Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкамланаётган дўстлик рамзига айланишига ишончим комил. "BOMI Engineering & Construction" нафақат инвестор, балки Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишида ишончли ҳамкор бўлишни мақсад қилган. Биз мамлакатингиз келажагига ишонамиз ва унинг ривожи билан бирга ўсишни истаймиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш