Logo

Жунаид Алтаф: Мақсадимиз – Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш ва тарихий алоқаларни иқтисодий шерикликка айлантириш

Ноябрь 11, 2025. 17:09 • 2 дақ

220
Жунаид Алтаф: Мақсадимиз – Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш ва тарихий алоқаларни иқтисодий шерикликка айлантириш

TОШКЕНТ, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва штати Пешовар шаҳри Cарҳад савдо-саноат палатаси президенти Жунаид Алтаф "Дунё" АА учун интервьюсида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Покистон бизнес конференцияси ҳамда "36th RCCI International Achievement Awards" мукофотларни тантанали топшириш маросими ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Покистон бизнес конференцияси ҳамда "36th RCCI International Achievement Awards" маросими менда катта таассурот қолдирди. Бунда албатта, Равалпинди Савдо-саноат палатасига чуқур миннатдорлик билдираман. Шу ўринда айтишим лозимки, покистонлик тадбиркорларининг мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва мустаҳкамлашдаги фаол ва самарали ҳиссаси алоҳида эътирофга лойиқ.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Покистондаги Элчисига ҳам катта раҳмат. Унинг ташаббуси ва ёрдами туфайли мазкур нуфузли тадбирда қатнашиш, самимий ва меҳмондўст ўзбек халқи билан кўришиш имконига эга бўлдим.

Шунингдек ўқинг

Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари менга катта умид бахш этади. Ўзаро шерикчилик алоқалари икки томонлама савдони кенгайтириш борасида ишончли натижаларга эришишимизда муҳим аҳамиятга эга. Биз савдо палаталари орқали компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри бизнес алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Қолаверса, кенг минтақавий ташаббуслар орқали Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга интиляпмиз.

Бу ҳамкорлик фақат савдо соҳасида эмас: мақсадимиз қадимий Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш ва тарихий алоқаларни иқтисодий шерикликка айлантиришдир. Бу йўл ҳали ҳам стратегик ва иқтисодий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Ҳозирда минтақавий савдони қўллаб-қувватлаш учун темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳар икки ҳукумат икки томонлама савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгилади. Равалпинди Савдо-саноат палатаси президенти Умар Шавкат айтганидек, изчил ҳамкорлик ва қўшма саъй-ҳаракатлар орқали бу рақамни 4 миллиард АҚШ долларига етказиш мумкин.

Покистон ва Ўзбекистон ўртасида чуқур маданий, тарихий ва диний боғлиқликлар мавжуд. Бугун биз ушбу алоқаларни аниқ ва амалий иқтисодий шерикликка айлантирмоқчимиз. Бу эса нафақат икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамлайди, балки бутун минтақанинг фаровонлиги ва интеграциясига ҳам сезиларли ҳисса қўшади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш