Logo

Усман Шаукат: Ўзбекистон ва Покистон ўзаро иқтисодий ўсишни рағбатлантиришда тўғри йўлдан одимламоқда

Ноябрь 11, 2025. 15:13 • 3 дақ

208
Усман Шаукат: Ўзбекистон ва Покистон ўзаро иқтисодий ўсишни рағбатлантиришда тўғри йўлдан одимламоқда

ТОШКЕНТ, 12 ноябрь. /"Дунё" АА/. Равалпинди Савдо-саноат палатаси (RCCI) президенти Усман Шаукат (Покистон) "Дунё" АА учун интервьюсида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Покистон бизнес конференцияси ва "36th RCCI International Achievement Awards" ғолибларини тақдирлаш маросими ҳақидаги фикрларини билдирди:

- 36th International Achievement Awards and the Business Opportunities Conference" тадбирларини айнан Тошкентда ўтказиш шарафига муяссар бўлганимиздан чин дилдан хурсандмиз. Бу тадбирлар бизнинг палатамиз учун катта аҳамиятга эга бўлиб, биз уларни ҳар йили дунёнинг муҳим бизнес ва иқтисодий марказларида ташкил этамиз. Шу йил эса, Ўзбекистон билан чуқур биродарлик ва мустаҳкам ҳамкорлигимизни инобатга олган ҳолда, тадбирларимизни Тошкентда ўтказишга қарор қилдик.

Бизнес имкониятларига бағишланган ушбу конференцияда Покистондан 150 дан ортиқ делегат, шунингдек, икки мамлакатдан 50 дан ортиқ компания фаол иштирок этди. Тадбир доирасида фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, тўқимачилик ва бошқа соҳалар кенг намойиш этилди. Биз икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган музокараларни ўтказдик, бир қатор меморандумлар имзоладик ва қўшма корхоналар очиш бўйича имкониятларни батафсил ўрганиб чиқдик. Бу эса икки дўстона мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги, самарали босқичга олиб чиқиш имконини яратди.

Шунингдек ўқинг

Делегациямиз таркибидан йирик тадбиркорлар ўрин олган ва бугун биз уларнинг ютуқларини нишонлаймиз. Ушбу компанияларнинг аксарияти Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтириш истагида. Кеча биз "Pharma Park" ташриф буюрдик ҳамда Покистон ва Ўзбекистон ўртасида фармацевтика соҳасида ҳамкорлик қилиш салоҳияти жуда катта.

Покистон Бош вазири ва Ўзбекистон Президенти томонидан белгиланган мақсад икки томонлама савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишдир. Ростини айтсам, агар бир нечта логистика ва молиявий тўсиқларни енгиб ўтсак, ўзаро савдо ҳажмини 4 миллиард долларга етказиш мумкинлигига ишонаман. Бугун автомобиль ва темир йўл алоқалари, банк ва молиявий операциялар ва, албатта, одамлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини батафсил муҳокама қилдик

Туризм мамлакатларимиз ўртасида деярли фойдаланилмаган яна бир соҳа. Мен бу жабҳада ҳам улкан салоҳиятни кўряпман. Бугун қилаётган ишларимиз, ушбу тадбирлар ва муҳокамалар мустаҳкам иқтисодий алоқалар учун замин яратмоқда. Бизни маданий ва тарихий мерос ўзаро бағлаб туради, аммо энди иқтисодий ва бизнес алоқаларимизни мустаҳкамлаш вақти келди.

Ўзбекистон иқтисодий ўсишда ажойиб муваффақиятли тарихга эга ва 250 миллион аҳолиси бўлган Покистон эса катта бозор имкониятларини таклиф этади. Минтақавий ҳамкорлик, айниқса бугунги мураккаб глобал муҳитда муҳим аҳамиятга эга. Мен Ўзбекистон ва Покистон биргаликда иқтисодий ўсишни таъминлаш учун тўғри йўлда эканлигига қатъий ишонаман ва бу фақат бошланиши.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш