Logo

Жереми Хогг: Хивада спорт, маданият ва дипломатия бирлашиб, ажойиб натижа кўрсатмоқда

Июнь 13, 2025. 09:41 • 2 дақ

67
Жереми Хогг: Хивада спорт, маданият ва дипломатия бирлашиб, ажойиб натижа кўрсатмоқда

ХИВА, 13 июнь. /"Дунё АА/. "Pahlavon Mahmud – Strongmen Games" халқаро турнири ҳаками ва ташкилотчиларидан бири Жереми Хогг (Янги Зеландия) "Дунё" АА мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон ва Хива шаҳрида бўлиб ўтаётган мусобақалар ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:

– Бу менинг ушбу мусобақаларда тўртинчи бор иштирок этишим. Дастлабки икки марта мен спортчи сифатида қатнашган бўлсам, охирги иккита турнирда ташкилотчи сифатида бутун дунёдан спортчиларни жалб этишга кўмаклашдим. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, турнирни ташкил этиш жараёни йилдан йилга яхшиланиб бормоқда.

Менга "Strongmen" мусобақаларининг олдиндан айтиб бўлмас натижалари жуда ёқади. Ҳа, илгари кўплаб спортчилар қоп кўтарган, лекин аравани тортиб бориш – бу янги даража. Бу ерда нафақат куч, балки фикрлаш қобилияти, стратегия ҳам жуда муҳим роль ўйнайди. Бу бизнинг спортни ноёб қилади. Бу йил айниқса Литва ва Эрон спортчилари ажралиб турмоқда. Улар ажойиб тезликни намойиш этдилар. Беллашувлар муросасиз ва ​​шиддатли ўтмоқда.

Бу ергача етиб келиш, албатта, осон бўлмади. Жами 16 соат йўл босиб ўтдик. Исландиядан келган баъзи спортчилар қарийб 24 соат ухлашмади. Бу ушбу тадбирга бўлган катта қизиқишдан далолат беради. Биз ҳам Тошкентдан тунги соат учда етиб келганимиз учун кам ухладик. Аммо чарчоққа қарамай, барчанинг кайфияти ва руҳи баланд!

Мусобақанинг ўзига келадиган бўлсак, эронлик Реза Гейтаси тўрт марта чемпионликни қўлга киритган. У ҳар доим кучли рақиб бўлган. Лекин бу йил, назаримда, Литвадан ташриф буюрган спортчи ҳам фаворитга айланиши мумкин.

Ўзбекистон бизни жуда илиқ кутиб олди. Дастлабки икки кунни Green Hills тоғ курортида ўтказдик, у ердаги табиат ажойиб. Мен ушбу гўзал манзарани видеога олдим ва Австралиядаги дўстларимга кўрсатдим, улар жуда ҳайратланишди. Кўпчилигимиз ҳатто бу ернинг қанчалик гўзал мамлакат эканлигини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Ўзбекистон ўз маданий мероси, Буюк ипак йўли тарихи, архитектураси ва энг муҳими, меҳмондўстлиги билан ҳақиқатан ҳам кишини лол қолдиради.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларни, жумладан Австралия ва Янги Зеландия билан алоқаларни ривожлантиришга қаратаётган эътибори ва саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорман. Бу ерда спорт, маданият ва дипломатия бирлашиб, ажойиб натижа бермоқда. Мен ушбу тадбирнинг бир қисми бўлганимдан ғурурланаман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш