Илья Князев: "MINEX Central Asia 2025" – тоғ-кон саноати мутахассислари ва етакчиларини бир жойга жамлаган ноёб платформага айланди
Июнь 26, 2025. 18:29 • 2 дақ
• 67
ТОШКEНТ, 27 июнь. /"Дунё" АА/. "ИнПроТех" МЧЖ компаниясининг (Россия) сотув бўлими бошлиғи Илья Князев "Дунё" АА учун берган интервьюсида жорий йилнинг 24-25 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган "MINEX Central Asia 2025" форумининг аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:

–Ушбу форум шунчаки ишбилармонлик тадбири эмас. Бу – кончилик саноати мутахассислари учун тажриба алмашиш, ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни йўлга қўйиш бўйича ноёб платформадир. Бундай тадбирлар давлатлараро мулоқотни ривожлантиришга ва янги истиқболли ташаббусларни амалга оширишга улкан ҳисса қўшади.
Фурсатдан фойдаланиб, компаниямиз ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтмоқчиман. "ИнПроТех" бош офиси Санкт-Петербургда жойлашган бўлиб, Қозоғистон ва Германияда ҳам ваколатхоналаримиз бор. Биз деярли ўн йилдан буён қазиб олиш саноати корхоналари лабораторияларини комплекс жиҳозлаш билан шуғулланамиз. Бу вақт ичида биз катта тажриба тўплашга, таъсирчан портфель шакллантиришга ва соҳанинг етакчи ишлаб чиқарувчилари учун лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Биз учун ушбу форумда иштирок этиш мазкур минтақадаги илк тажрибамиздир ва ишонч билан айта оламанки – бу ерга ўз мақсадларини аниқ тушунган инсонлар йиғилган. Улар ўзларига шериклар изламоқда ва аниқ лойиҳаларни муҳокама қилишга тайёр.
Ўзбекистон ҳақида ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Тошкент бизда жуда кучли таассурот қолдирди. Пойтахтингиз жуда гўзал. Унда ўзгача илиқлик ва самимий муҳит ҳукмрон. Турли маданиятларнинг уйғунлиги инсонда ижобий ҳис-туйғуларни уйғотади. Энг асосийси эса инсонлари оқкўнгил ва дўстона.
Биз Ўзбекистонга аниқ вазифа – лаборатория жиҳозлари соҳасида ишончли бизнес-шериклар топиш мақсадида келдик. Ишончим комилки, "MINEX Central Asia 2025" каби платформалар туфайли биз бу ниятимизни амалга ошира оламиз ва минтақада ушбу соҳа ривожига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда