Logo

Кубанычбек Омуралиев: Ўзбекистонда инвестиция муҳитини сезиларли даражада яхшилайдиган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Июнь 11, 2025. 11:08 • 2 дақ

84
Кубанычбек Омуралиев: Ўзбекистонда инвестиция муҳитини сезиларли даражада яхшилайдиган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

ТОШКЕНТ, 11 июнь. /"Дунё" АА/. Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) бош котиби Кубаничбек Омуралиев "Дунё" АА учун интервьюсида 9-12 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Тошкентда ўтказилаётган тўртинчи форум алоҳида аҳамиятга эга. ТДТ доирасида Ўзбекистон ташкилотнинг норасмий пойтахтига айланган деган тушунча мавжуд. Иштирокчилар таркибининг ўзи ҳам тадбир кўлами ва унинг нуфузи қанчалик ошиб бораётганидан гувоҳлик беради. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг жозибадорлиги ошиб бораётганидан далолатдир. Чунки бу ерда кўплаб мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан, ташкилотимиз аъзолари ҳам иштирок этмоқда. Иштирокчилар орасида қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, шунингдек, ТДТга аъзо бошқа мамлакатларнинг етакчи инвесторлари ҳам бор.

Аниқ натижалар ҳақида гапирганда, эътиборингизни муҳим бир рақамга қаратмоқчиман. Биринчи форумдаёқ қайта тикланадиган энергия соҳасига Кўрфаз араб давлатларидан Ўзбекистонга 10 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилинган эди. Ишонч билан айта оламанки, бу кўрсаткичлар йилдан-йилга ортиб бормоқда, минтақадаги асосий сармоявий майдон сифатида форумнинг самарадорлиги ва жозибадорлиги ортиб бормоқда.

Бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг изчил сиёсати алоҳида ўрин тутади. Унинг раҳнамолигида мамлакатингизда инвестициявий муҳитни сезиларли даражада яхшилайдиган кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Маълумки, ташкилотимиз доирасида ҳар йили расмий саммит ва норасмий учрашувлар ўтказилади. Масалан яқинда Будапешт норасмий саммитга мезбонлик қилди. Ушбу учрашувлар якунида муҳим декларациялар қабул қилинмоқда, давлат раҳбарларининг ташаббуслари ҳаётга татбиқ этилаётгани эса иқтисодий ҳамкорлигимиз учун мустаҳкам замин яратяпти.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш