Logo

Одиль Рено-Бассо: Сўнгги йилларда инвестициялар даражаси барқарор ўсиб бормоқда ва Ўзбекистон ЕТТБ инвестициялари ҳажми бўйича етакчи 5 давлат қаторига кирди

Июнь 12, 2025. 18:13 • 54 сония

68
Одиль Рено-Бассо: Сўнгги йилларда инвестициялар даражаси барқарор ўсиб бормоқда ва Ўзбекистон ЕТТБ инвестициялари ҳажми бўйича етакчи 5 давлат қаторига кирди

ТОШКЕНТ, 13 июнь. /"Дунё" АА/. Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо "Дунё" АА учун интервьюсида пойтахтимизда бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ислоҳотлар ва иқтисодиётни либераллаштириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон хусусий сармоя киритиш имкониятларини кенгайтиришни давом эттириши керак. Хусусийлаштириш ва меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш борасида сезиларли ютуқларга эришилган бўлса-да, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий сектор ўсишини рағбатлантириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши лозим.


Ҳозиргача эришилган натижалар жуда қувонарли. Масалан, қайта тикланадиган энергетикага инвестициялар катта миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилди, иқтисодий фаолликни рағбатлантирди ва ижобий таъсир кўрсатди.


Сўнгги йилларда инвестициялар даражаси барқарор ўсиб бормоқда, Ўзбекистон ЕТТБ инвестициялари ҳажми бўйича етакчи 5 давлат қаторига киради. Ушбу ижобий тенденция келгуси йилларда ҳам давом этишини кутамиз.


Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий интеграция ва алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Бу мамлакатни трансчегаравий лойиҳалар, хусусан, барқарор ўсиш учун зарур бўлган инфратузилма ва сув хўжалигидаги лойиҳалар учун жозибадор қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш