Logo

Хан Ильхан: Ўзбекистон тоғ-кон саноатида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Июнь 26, 2025. 09:14 • 2 дақ

89
Хан Ильхан: Ўзбекистон тоғ-кон саноатида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда

ТОШКEНТ, 27 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) бошқарув раисининг маслаҳатчиси Хан Ильхан (Туркия) "Дунё" АА учун интервьюсида 24-25 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган "MINEX Central Asia 2025" форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрини билдирди:

– "MINEX" 20 йилдан зиёддирки Марказий Осиё минтақасининг турли мамлакатларида тоғ-кон мавзусига бағишланган конференциялар ва форумларни ўтказиб келади.

Ўзбекистон – тоғ-кон саноати учун муҳим йўналиш. "Navoi Gold" компаниясига назар ташласак, олтин қазиб олиш ҳажми ҳақиқатан ҳам юқори даражада. "Навоийуран" давлат корхонаси жаҳон уран қазиб олишининг 7 фоизини таъминлайди. Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати эса дунёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчилари ўнталигига киради.

Энди бизда критик минераллар билан шуғулланадиган ТМК бор ва менимча, активлар ҳамда лойиҳа базаси бўйича бу комбинатнинг, эҳтимол, доминант жаҳон етказиб берувчилардан ташқари, бошқа ўхшаши бўлмаса керак. Айнан шунинг учун биз Ўзбекистонни ушбу муҳим учрашувлар ўтказиладиган жойлардан бири сифатида танладик.

Критик минераллар ҳақида гап кетганда, кўп нарса ер ости қатламларининг ўрганилганлик даражасига, қидирилган ресурслар ва захиралар ҳажмига боғлиқ. Шу маънода Ўзбекистон омадли – ТМК активларида 25 хил турдаги хомашёни қамраб олувчи 70 дан ортиқ лойиҳа мавжуд. Бу конлар собиқ совет давридан бери ўрганиб келинмоқда, шунинг учун катта маълумотлар базаси шакллантирилган .

Ҳа, у ҳар доим ҳам халқаро стандартларга мос келавермайди, аммо маълумотлар бор. Ҳозир биз ушбу маълумотларни халқаро стандартлар форматига ўтказиш билан шуғулланяпмиз, токи Ўзбекистоннинг критик минералларини имкон қадар тезроқ ва энг муҳими, масъулият билан глобал таъминот занжирига киритайлик.

Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам улкан трансформацияни бошдан кечирмоқда. Ислоҳотлар айниқса сўнги етти йилда изчил тус олди. Мақсад мамлакатга кўпроқ инвестицияларни жалб қилиш. Биз ҳам бу жараённинг бир қисми бўлишдан мамнунмиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш