Саҳила Мона Мирза: Ўзбекистонда халқаро инвесторлар учун кўплаб имкониятлар очилмоқда
Июнь 24, 2025. 19:53 • 3 дақ
• 55
ТАШКEНТ, 25 июнь. /"Дунё" АА/. Буюк Британиянинг "Responsible Gold" компанияси президенти Сахила Мона Мирза "Дунё" АА учун интервьюсида 24-25 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "MINEX Сentral Asia 2025" форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Мазкур форум мен учун муҳим воқеа, чунки у минтақадаги тараққиёт ва ютуқлар билан танишиш имкониятини берди. Шунингдек, халқаро меъёрий асослар, глобал таъминот занжирлари ва стандартларнинг ҳам Марказий Осиё, ҳам жаҳон бозори учун аҳамияти тўғрисида хабардорликни оширишга хизмат қилди.
Форум давомида ўтказилган сессиялар ва маърузалар ҳақиқатан ҳам мазмунли бўлди. Уларда Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар ва ютуқлар, шунингдек, мамлакатнинг муҳим минераллар ва олтин қазиб олиш соҳасидаги ролига алоҳида урғу берилди.
Бир қатор маърузаларда таъкидланганидек, биз ҳақиқатан ҳам сезиларли ютуқларни кўряпмиз. Халқаро инвесторлар учун кўплаб имкониятлар очилмоқда. Менинг ихтисослигим ва касбий тажрибам олтин саноати билан боғлиқ, шунинг учун мен Ўзбекистоннинг олтин қазиб олиш саноатидаги ролига алоҳида эътибор қаратдим Бу мамлакат учун муҳим ва истиқболли йўналишдир. Илгари мен Лондон қимматбаҳо металлар бозори ассоциациясида (LMBA) ишлаганман, у ерда халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланганман. Бугунги кунда глобал бозор учун яратилган ушбу стандартлар Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё ривожига, шунингдек, уларнинг халқаро таъминот занжирларидаги интеграциясига қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини тушуниш муҳим.
"Responsible Gold" президенти сифатидаги янги ролимда мен инновациялар ва технологияларнинг, шаффофликни қандай таъминлаши, маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишни яхшилашига қандай ёрдам бериши мумкинлигига эътибор қаратаман. Биз токенизация, рақамлаштириш ва сунъий интеллект каби инновацияларни соҳанинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган воситалар сифатида кўриб чиқамиз. Бу ҳам давлатлар, ҳам хусусий сектор учун устувор масаладир. Ҳозирда "ESG", барқарор ривожланиш, ишончлилик ва глобал таъминот занжирларининг барқарорлиги соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Марказий Осиё бу жараёнларга сезиларли ҳисса қўшиши мумкин. Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорлик, айниқса, муҳим минералларга глобал қизиқиш ортиб бораётган бир шароитда, жадал ривожланаётган ушбу соҳа динамикасини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Тадбирнинг ташкилий жиҳати юқори даражада – ҳаммаси аниқ, қулай ва тушунарли қилиб ташкил этилган. Электрон алоқа самарали йўлга қўйилган. Тошкентга етиб келганимда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмадим. Рўйхатдан ўтиш тез ва муаммосиз кечди. Умуман олганда, форум аъло даражада ташкил этилган.
Менга Ўзбекистон жуда ёқди. Якшанба куни Самарқандда бўлдим ва минтақанинг маданий мероси билан бироз танишдим. Бу ердаги одамлар жуда меҳрибон ва доим ёрдам беришга тайёр. Албатта, тил тўсиғи баъзи қийинчиликларни туғдиради, лекин бу аҳоли ўз мамлакати билан қанчалик фахрланишини ҳис қилишга халақит бермади. Кеча Тошкентга етиб келдим ва метронинг барча станцияларини кўрдим. Тошкент метрополитени ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Серқуёш Ўзбекистонда бўлганимдан жуда хурсандман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда