Logo

Tимоти Смарт: Ўзбекистонни қайта тикланувчи энергетика ва муҳим минераллар соҳасида асосий ҳамкор деб биламиз

Июнь 25, 2025. 18:37 • 2 дақ

106
Tимоти Смарт: Ўзбекистонни қайта тикланувчи энергетика ва муҳим минераллар соҳасида асосий ҳамкор деб биламиз

ТОШКEНТ, 26 июнь. /"Дунё" АА/. Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт "Дунё" АА учун интервьюсида 24-25 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "MINEX Central Asia 2025" форумининг аҳамиятини таъкидлади:

— Халқаро компаниялар мамлакатингизга фойдали қазилмаларни қазиб олиш, айниқса стратегик аҳамиятга эга минералларни ўрганиш мақсадида келмоқда. Чунки, бу соҳа ҳақиқатан ҳам катта имкониятларни тақдим этувчи ўсиб бораётган бозор ҳисобланади.

Буюк Британия нега бу ерда? Бизга қайта тикланувчи энергия соҳасида ишончли шериклар керак. Бизга муҳим минералларни етказиб бериш занжири зарур ва биз Ўзбекистонни бу йўналишда асосий ҳамкор деб биламиз.

Ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган барча зарур воситалар, шу жумладан экспорт кредитини молиялаштириш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, тоғ-кон саноатида, шунингдек, қайта тикланувчи энергия ва ресурслар соҳасида катта тажрибага эгамиз. Бу эса Ўзбекистон билан мустаҳкам ҳамкорлик учун асос бўлиши мумкин. Шунинг учун бу ерда бўлишдан жуда мамнунмиз.

Марказий Осиёнинг муҳим минераллар соҳасидаги салоҳияти, хусусан Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, биз аллақачон муҳим минераллар бўйича ўзаро англашув меморандумини имзоланганмиз. Бу келишув жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов томонидан Қўшма иқтисодий қўмитанинг биринчи йиғилиши ва Лондонда Британия бизнеси вакиллари билан бўлиб ўтган "Ўзбекистон инвестицион салоҳияти кунлари" тадбири якунлари бўйича имзоланган.

Биз "яшил" инқилобимизни мустаҳкамлаш ва сизнинг "яшил" иқтисодиётингизни қўллаб-қувватлаш учун илғор технологиялар, шунингдек, қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини фаол ўрганаяпмиз. Биз буни жуда истиқболли йўналиш деб биламиз. Биз халқаро етказиб бериш занжирларини диверсификация қилишимиз керак ва Ўзбекистон бу жараёнда марказий ўринни эгаллайди. Дўстона қабул, бу ерда шаклланаётган ҳамкорлик, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ислоҳотлар дастури, муваффақиятли шериклик учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Халқаро стандартларга интилувчи ҳар қандай мамлакат ҳамиша тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун янада жозибадор кўринади. "CRIRSCO" ва "ESG" каби халқаро стандартларга риоя қилиш Ўзбекистонга кўпроқ инвестицияларни жалб қилиш, янада барқарор ва узоқ муддатли ривожланиш, шунингдек, қулай молиялаштириш имкониятини тақдим этади.

Буюк Британия экспорт молиялаштириш агентлиги Ўзбекистон учун махсус 3,6 миллиард фунт стерлинг миқдорида маблағ ажратган. Биринчи қўшма лойиҳа тоғ-кон саноатида – Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати билан ҳамкорликда амалга ошириляпти.

Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашда давом этиш ниятидамиз. Келинг, биргаликда кўпроқ нарсага эришайлик.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш