Виктор Давидов: Яқин келажакда Ўзбекистон тоғ-кон саноатига инвестициялар оқими сезиларли даражада ошиши кутилмоқда
Июнь 25, 2025. 16:34 • 2 дақ
• 93
ТАШКEНТ, 26 июнь. /"Дунё" АА/. "ENSOR Management Consultants" компанияси ҳаммуассиси, экологик ва ижтимоий консалтинг бўйича директори Виктор Давидов (Россия) "Дунё" АА учун берган интервьюсида 24–25 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "MINEX Central Asia 2025" форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини баён қилди:

– Форумнинг Марказий Осиё учун аҳамияти, менимча, жуда юқори. Бу иштирок этаётган компаниялар, меҳмонлар ва халқаро ҳамжамият вакиллари сонидан ҳам кўриниб турибди. Жумладан, Европа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари компаниялари, вазирликлар ва бошқа ташкилотлардан вакилларнинг келгани жуда муҳим.
Мен бир нечта асосий жиҳатларни таъкидламоқчиман, масалан, тоғ-кон саноатида янги қонунчиликнинг қабул қилиниши. Бу Ўзбекистон тоғ-кон мажмуасининг қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, бу ерда муҳокама қилинаётган мавзуларга эътибор қаратадиган бўлсак, яқин келажакда Ўзбекистон тоғ-кон саноатига инвестициялар оқимининг сезиларли даражада ошишини пайқаш қийин эмас.
ESG – экология, ижтимоий масалалар ва корпоратив бошқарув соҳасидаги мутахассис сифатида шуни таъкидламоқчиманки, Ўзбекистоннинг "НКМК" ва "ОТМК" каби бир қатор йирик компаниялари ESG жиҳатларини ўз ичига олган трансформацияни муваффақиятли амалга оширмоқда. Бу эса уларни инвесторлар учун янада жозибадор қилади.
Анжуманда тоғ-кон компаниялари фаолиятининг экологик ва ижтимоий жиҳатлари билан боғлиқ масалалар ҳам кенг муҳокама қилинди. Мен Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида инвесторлар учун ўз жозибадорлигини мустаҳкамлашга интилаётган барча компанияларни, ўзларининг етук ва муваффақиятли ҳамкасбларининг тажрибасидан илҳомланишга ҳамда ESG – трансформацияни фаол жорий этишга чақираман.
Айнан мана шундай ёндашув барқарор ривожланиш ва компаниянинг инвестицион жозибадорлигини сезиларли даражада оширишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда