Ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотлари Германиядаги ярмаркада намойиш қилинди
Ноябрь 12, 2025. 11:05 • 2 дақ
• 348
БЕРЛИН, 12 ноябрь. /"Дунё" АА/. Германия пойтахтида ўтказилган "Bazaar Berlin" халқаро ярмаркасида мамлакатимиз ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

63-маротаба ўтказилган ушбу халқаро ярмаркада дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан 500 нафарга яқин иштирокчи қаторида юртимиз вакиллари ҳам қатнашди.
Бу ерга ташриф буюрганлар ўзбек халқининг қўл меҳнатида яратилган, минг йиллик тарихга эга ҳунармандчилик санъати маҳсулотларидан баҳраманд бўлишди. Ўзбекистонлик қўли гул ҳунармандлар томонидан яратилган кулолчилик буюмлари, ёғоч ўймакорлиги намуналари ва турли кийимлар кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Ярмарка бешта – "Жаҳон бозори", "Санъат ва услуб", "Табиат билан ҳамоҳанг", "Ижтимоий адолат" ва "Ташқарида қор, уйда баҳор" йўналишларида ташкил этилди. Шунингдек, тадбирлар доирасида модалар намойиши, "Karneval der Kulturen" рақс жамоаларининг чиқишлари ва маҳорат дарслари ўтказилди.
– Бу ярмарка 60 йил муқаддам Германияда Янги йил байрами арафасида, турли-туман совға харид қилиш мақсадида бозорча шаклида ташкил этилган, – дейди "Messe Berlin" халқаро ярмаркасининг Марказий Осиё давлатлари бўйича расмий вакили Терасим Тимиралиева. – Бу ерга нафақат берлинликлар, балки бошқа шаҳарлардан ҳам одамлар келиб, совға ва бошқа ноодатий буюмлар харид қилишади. Кўргазмада барча қитъадан ҳунармандлар иштирок этади. Ўзбекистон ҳам 2023 йилдан бери мунтазам қатнашиб, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш этиб келаяпти.
Тадбир иштирокчилари ва харидорлари сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бутун Европада қўл меҳнати қадрига етадиган аудитория кенг. Ҳар бир ташриф буюрувчи ўртача 50 евро сарфлайди. Беш кун ичида ярмаркага келадиган минглаб харидорларни ҳисобга олсак, бу ҳунармандлар учун жуда катта савдо-содиқ имконини яратади. Қолаверса, қўлда ишланган, ноёб маҳсулот ишқивозлари бўлган дунёнинг турли бурчакларидан келган дўкон эгалари билан ҳамкорлик ўрнатиб, доимий буюртмаларни йўлга қўйиш мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси