Logo

Куала-Лумпурда Фарғона вилоятининг кўргазма-савдо уйи очилди

Февраль 07, 2026. 13:40 • 57 сония

104
Куала-Лумпурда Фарғона вилоятининг кўргазма-савдо уйи очилди
Куала-Лумпурда Фарғона вилоятининг кўргазма-савдо уйи очилди
Куала-Лумпурда Фарғона вилоятининг кўргазма-савдо уйи очилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 7 февраль. /“Дунё” АА/. Фарғона вилояти делегациясининг Малайзияга амалий ташрифи доирасида Куала-Лумпур шаҳрида вилоятнинг доимий кўргазма-савдо уйи (шоурум) ўз фаолиятини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида ҳамда ушбу мамлакатнинг йирик чакана савдо тармоқларидан бири – “KK Group” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Савдо уйи Куала-Лумпурнинг марказий ишбилармонлик ҳудудларидан бирида жойлашган бўлиб, маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай локация ҳисобланади. Очилиш маросимида Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев, “KK Group” раиси Ки Кан Чай ҳамда Фарғона вилояти маъмурияти вакиллари иштирок этдилар.

Шоурум расталаридан Фарғона вилояти корхоналарида ишлаб чиқарилган ип-калава, тайёр тикувчилик буюмлари, қуруқ мевалар, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ҳунармандчилик намуналари ўрин олди. Малайзиялик ишбилармонларнинг фикрича, ушбу марказ ўзбек маҳсулотларини Жануби-Шарқий Осиё бозорига тизимли етказиб бериш ва янги экспорт шартномаларини имзолашда муҳим “бизнес-кўприк” вазифасини ўтайди.

Савдо уйининг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида “Agro Best Holding International” қўшма корхонаси ташкил этилди. Мазкур тузилма нафақат Фарғона, балки республикамизнинг Малайзия бозорига чиқиш истагида бўлган барча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини фаол ҳамкорликка чорламоқда. Бу қадам ўзбек брендларининг минтақавий миқёсдаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш