Ўзбек ва қирғиз ишбилармонлари ўртасида қўшма лойиҳалар амалга оширилади
Март 08, 2026. 12:48 • 3 дақ
• 106ЎШ, 10 март. /“Дунё” АА/. Ўш шаҳрида “Agroekspo–2026” халқаро қишлоқ хўжалиги ярмаркаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ярмаркада Қирғизистон томонидан – Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Эрлист Акунбеков, Президентнинг Ўш вилоятидаги вакили Аманкан Кенжебаев, Ўш шаҳар мэри Жанар Акаев, хорижий давлатлар консуллик муассасалари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистондан – Бош консуллик дипломатлари, Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари Беҳзодбек Солиев, Наманган вилояти Савдо саноат палатаси раиси ўринбосари Мирзоҳид Мирзаахмедов ҳамда Фарғона вилоятидаги “Alter Heating Technology” МЧЖ вакили Фаррух Турдиқулов қатнашди.
Ушбу ярмарка қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар, фермерлар ва тадбиркорларни бир жойга бирлаштирди.
Учрашувларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги технологиялар, иқлимга мослаштирилган инновациялар, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида фикр алмашилди.
Ярмаркада қишлоқ хўжалиги техникалари, аграр соҳадаги замонавий технологиялар, уруғлар ва кўчатлар, маҳаллий тадбиркорларнинг маҳсулотлари намойиш этилди.
Кўргазма ишида Хитой, Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда маҳаллий 150 нафарга яқин тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини тақдим этишди.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан намойиш этилган табиий маҳсулотлардан тайёрланган турли хил мева шарбатлар, қишлоқ хўжалиги ва боғдорчиликда фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар, Ўзбекистон–Польша қўшма корхонасида ишлаб чиқилган сув иситиш қозонлари ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Наманган вилояти “Tip-Top-Agro” корхонасида ишлаб чиқарилаётган “TM Tip-Top” шарбатлари табиий маҳсулотлардан тайёрлангани, таркибида ҳеч қандай консервант, бўёқ ва бошқа кимёвий моддалар мавжуд эмаслиги ҳамда нархлари маҳаллий аҳоли учун ҳамёнбоп экани билан тадбиркорлар эътиборини тортди. Улар билан ушбу маҳсулотни Қирғизистонга экспорт қилиш ва Ўшда дистрибьютерлик марказини ташкил этиш масаласини муҳокама қилди.
Кўргазма доирасида Фаррух Турдиқулов ва Ўш шаҳар мэрияси Ташқи алоқалар, инвестициялар ва туризм департаменти раҳбари Мирлан Исраилов ўртасида суҳбат бўлиб ўтди. Қирғиз томонининг айтишича, ҳозирги кунда Ўш шаҳрида кўплаб қурилиш ишлари олиб борилаётгани, эскирган бинолар капитал таъмирдан чиқарилаётгани сабабли қурилиш маҳсулотларига талаб катта. Қирғизистонда кўмир маҳсулоти етарли ва нархи арзонлиги ҳамда “Alter Heating Technology”
МЧЖ таклиф этаётган сув иситиш қозонлари кўмирда ишлаши уларнинг қирғиз бозорида рақобатбардошлигини оширади.
Мулоқот якунида, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳалар бўйича биргаликда ишлаш, яқин кунларда Фарғонага қирғиз ишбилармонларининг ташрифини амалга ошириш ҳамда қўшимча музокаралар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



