Logo

АҚШда қурилиш материаллари соҳасида ўтказилган биринчи бизнес-форум якунида 210 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди

Декабрь 03, 2024. 18:09 • 5 дақ

602
АҚШда қурилиш материаллари соҳасида ўтказилган биринчи бизнес-форум якунида 210 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди

ВАШИНГТОН, 3 декабрь. /"Дунё" АА/. Америка Қўшма Штатларида қурилиш материаллари соҳасида биринчи АҚШ-Ўзбекистон бизнес-форуми ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзсаноатқурилишбанк", Савдо-саноат палатаси, "Ўзқурилишматериаллари" уюшмаси ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган иқтисодий тадбирда "Basalt Uzbekistan", "Alcopon Standart Trade", "Sanfa Engineering, Benkam", "Akfa extrusions", "First Global Stone", "Geobasalt Products", "Marmar_Uz", "Zetomaksimum" каби йирик ўзбек ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, АҚШ қурилиш компаниялари, дистрибюторлар ва чакана савдо вакиллари иштирок этди.

Бизнес-форум алоқаларни йўлга қўйиш ва маҳаллий қурилиш маҳсулотларини Америка бозорига экспорт қилиш масалаларини муҳокама қилиш учун ноёб имконият яратиб, бундай даражадаги илк платформа бўлди.

"Ўзсаноатқурилишбанк" бошқаруви раиси ўринбосари Шаҳзод Юсупов Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, солиқ ставкаларини пасайтириш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, иқтисодиётни либераллаштириш, қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ҳақида  сўзлаб берди.

Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов ўз чиқишида, тадбир иштирокчиларини қутлар экан, қурилиш соҳаси ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсишда давом этаётгани қайд этилди. 2023 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп, 657,2 миллион долларга етди. Ўз навбатида, 2024 йилнинг тўққиз ойидаги кўрсаткичлар аллақачон 672 миллион долларга етган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон маҳсулотларининг АҚШга экспорти 170 фоизга ошиб, 260 миллион доллардан ортиқни ташкил этмоқда.

"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Илёс Раҳимов ўз нутқида, Ўзбекистон қурилиш материаллари саноатининг асосий ютуқлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, сўнгги беш йилда мазкур соҳага киритилган хорижий инвестиция ҳажми 15 миллиард доллардан ошди, шундан 9 миллиард доллардан ортиғи тўғридан-тўғри хорижий сармоялардир. Бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар туфайли амалга ошди.

Бизнес-форумда "Basalt International" (АҚШ) компаниясининг савдо бўйича директори Ли Берри "Basalt Uzbekistan" компанияси билан ҳамкорликнинг юқори салоҳияти ва истиқболлари ҳақида маълумот берди. "Basalt Uzbekistan" билан ҳамкорлигимиз энгил маҳсулотлардан тортиб қурилиш, автомобилсозлик, нефт-газ ва бошқа соҳаларда қўлланилиши мумкин бўлган оғир юкларга мўлжалланган маҳсулотларнинг ажойиб ассортиментига бўлган қизиқишдан келиб чиқади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ривожланган инфратузилмага эга бўлган ниҳоятда истиқболли, шунингдек, бизнес юритиш учун жуда қулай, дўстона, хавфсиз ва меҳмондўст мамлакатдир. Шунинг учун бизнесимизни ривожлантиришда "Basalt Uzbekistan" компанияси билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз", деди у.

Тадбирнинг асосий қисмидан сўнг форум иштирокчиларига юқори қўшимча қийматга эга 50 дан ортиқ турдаги қурилиш материаллари, жумладан, алюминий профиллар, базальт маҳсулотлари, санитария-техник воситалар, иссиқлик изоляцион материаллар, чинни тош буюмлар ва бошқалар тақдим этилди. Маҳсулотлар Америка компанияларида катта қизиқиш уйғотди ва бу ҳамкорликнинг кейинги имкониятларини муҳокама қилиш учун туртки бўлди.

Бизнес-форум доирасида B2B учрашувлари бўлиб ўтди. Унда икки давлат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиб, республикада қўшма корхоналар ташкил этиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида умумий қиймати 210 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилди ва каолин маҳсулотларини қазиб олиш ҳамда ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини биргаликда амалга ошириш, шунингдек, ушбу бизнес-форумни мунтазам ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида қурилиш материалларини тарқатиш имкониятлари билан танишди, тегишли савдо майдончалари ва кўргазма залларида бўлди. Доимий савдо ваколатхонаси ва ўзбек брендлари шоу-румини очиш бўйича музокаралар ўтказилди.

Шунингдек, қурилиш материалларининг истеъмол бозори ва маҳсулот ассортименти билан яқиндан танишиш, нарх ҳолатини ўрганиш мақсадида Американинг "The Home Depot", "Lowe's", "Colonial Cava Marble & Granite" ва бошқа каби йирик корхоналарига ташрифлар режалаштирилган.

Йиғилганлар эътибори, хусусан, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратилди. Бу чора-тадбирлар, нафақат маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, балки Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун жозибадор қилади.

Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ҳалимжон Сафаров ўз маърузасида, ушбу шаклдаги соҳага ихтисослашган бизнес-форумлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспортини диверсификация қилиш, янги истеъмол бозорларини ривожлантиришга хизмат қилаётгани ҳақида айтиб ўтди.

Америка-Ўзбекистон савдо палатаси ижрочи директори Елена Сон ўзбек қурилиш материалларининг сифат, барқарорлик ва инновацияларни ўзида мужассамлаштирган ўзига хослигини таъкидлади. "Ўзбекистон компаниялари учун бу шунчаки бизнес имконияти эмас – бу Ўзбекистон ишбилармон доираларининг ўзига хос белгилари бўлган зукколик, сифат ва барқарорликни намойиш этиш имкониятидир", деди у.

"Basalt International Inc." компанияси раиси ва бош директори Бенжамин Кимнинг базальт толаси соҳасидаги ноёб ишланмалар ҳақидаги нутқи иштирокчиларга алоҳида қизиқиш уйғотди. "Базальт толаси барқарор қурилишнинг келажаги. Биз бутун дунё бўйлаб 11 та замонавий ишлаб чиқариш қувватига эгамиз ва нафақат республика, балки бутун Евросиё минтақасида талабни қоплаш учун Ўзбекистоннинг истиқболли бозорида янгисини яратиш ниятидамиз", деди Бенжамин Ким.

Пенсильвания штати давлат котибининг собиқ ўринбосари ва "Pennsylvania Global Business Advisors" директори Уилфред Маскенс ўз чиқишида, Пенсильваниянинг қурилиш ва ишлаб чиқариш саноатидаги бой тажрибасини таъкидлади. У халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳақида тўхталар экан, Ўзбекистон компаниялари билан узоқ муддатли яқин алоқаларни ўрнатишга умид билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Барчаси