Logo

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Кувайтдаги кўргазмада ўз маҳсулотларини муваффақиятли намойиш этиб, гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоладилар

Декабрь 17, 2024. 12:44 • 56 сония

313
Ўзбекистонлик тадбиркорлар Кувайтдаги кўргазмада ўз маҳсулотларини муваффақиятли намойиш этиб, гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоладилар

АЛ-КУВАЙТ, 17 декабрь. /"Дунё" АА/. 15-16 декабрь кунлари Кувайтда бўлиб ўтган "Kuwait International Agro Food Exhibition" кўргазмасида Ўзбекистон компаниялари ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, кўргазма доирасида Ўзбекистон элчихонаси павильонида "JN Distrubition", "Rozmetov", "National Agroforte", "MilMax", "Zomin asali" ва бошқа маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари намойиш этилди.


Павильон меҳмонлари Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳияти, мамлакатимизда яратилган инвестиция муҳити, шунингдек, хорижий инвесторлар ва импортерлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлдилар.


Таъкидлаш жоизки, Кувайт халқаро кўргазмаси агросаноат ва озиқ-овқат соҳаларини ўзида қамраб олган бўлиб, озиқ-овқат саноати, сут маҳсулотлари, мева, денгиз маҳсулотлари, қадоқлаш технологиялари ва бошқа соҳалардаги маҳсулотлар ва технологияларнинг кенг кўламдаги намойишини таъминлади.


Кўргазма доирасида, шунингдек, Ўзбекистон ва Кувайт компаниялари вакиллари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди, уларда Ўзбекистондан Кувайтга ҳўл ва қуруқ мевалар, сабзавотлар, асал ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш, маҳсулотларни етказиб беришнинг транспорт-логистика йўллари муҳокама қилинди.


Икки мамлакат тадбиркорлари томонидан Кувайтга гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича савдо шартномалари имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш