Logo

Ўзбекистон тўқимачилик компанияси Польшада ўзининг савдо дўконини очди

Март 31, 2024. 11:04 • 2 дақ

378
Ўзбекистон тўқимачилик компанияси Польшада ўзининг савдо дўконини очди

ВАРШАВА, 31 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Варшава шаҳридаги "EACC" савдо марказида Тошкент шаҳридаги "Bonito Jeans" тўқимачилик компаниясининг "Mod Kids" бренди остидаги савдо дўкони очилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Савдо дўконининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев, икки мамлакат тўқимачилик корхоналари ва бошқа ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан дипломатик миссия раҳбари йиғилганларга савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда Ўзбекистон-Польша ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, Европа бозорларига ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари экспортини янада ошириш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Польшада фаолият юритаётган бешта Ўзбекистон тўқимачилик савдо уйлари ва дўконлари орқали ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари экспорти тобора ўсиб бораётгани таъкидланди. Бундан ташқари, Польшанинг тегишли идоралари билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Лодзда савдо уйини очиш ва уни рўйхатдан ўтказиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилаётган енгил саноат маҳсулотларининг қарийб ярми Польша ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 2023 йилда Польшага 70 миллион доллардан зиёд тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган.

"Mod Kids" савдо дўконида "Bonito Jeans" тўқимачилик компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган Польша ва Европанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилинаётган тайёр болалар кийим-кечаклари сотуви йўлга қўйилди.

"Ola Kids" компаниясининг эгасиман. Компаниямиз Ўзбекистоннинг "Bonito Jeans" корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган болалар кийимларининг Варшавадаги расмий улгуржи дистрибютори ҳисобланади. Биз ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини аллақачон бошлаганмиз ва келажакда ушбу шерикликни янада мустаҳкамланишига умид билдирамиз", - деди "Ola Kids" компанияси раҳбари Давид Маслевский.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш