Logo

Ўзбекистон делегацияси Польшада самарали музокаралар ўтказди

Январ 31, 2025. 16:19 • 2 дақ

184
Ўзбекистон делегацияси Польшада самарали музокаралар ўтказди

ВАРШАВА, 31 январь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида, Ўзбекистон футзал федерацияси президенти, "BMB Holding" кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов бошчилигидаги делегациянинг Польшага ташриф ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов Польша футбол ассоциацияси вице-президент Адам Казмерчак ва бош котиб Лукаш Ваховски билан учрашув ўтказди.

Томонлар ҳар икки мамлакат U-18 ва U-20 ёш тоифасидаги терма жамоаларни ҳамда Ўзбекистонда аёллар футзалини ривожлантириш бўйича самарали ҳамкорлик қилиш борасида келишиб олишди. Жумладан, куз фаслида футзал бўйича Ўзбекистон ва Польша терма жамоалари иштирокида ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш борасида қарор қабул қилинди.

 Ўзбекистон делегацияси аъзолари сафар давомида Польша Савдо-саноат палатаси президенти Марек Клочко билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида палата таркибидаги Польша ишбилармон доиралари вакиллари ва хорижий компаниялар билан экспорт-импорт йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатнинг йирик савдо тармоқлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Мева-сабзавот ва чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Польшага етказиб бериш ҳамда бу борада ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аҳдлашиб олинди.

Шу билан бирга, Польшага ташриф доирасида "BMB Holding" делегация ушбу мамлакатнинг бир қатор йирик бизнес вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Польшанинг "Contractus" компанияси президенти Витольд Карчевский билан учрашув чоғида заъфарон ва қўшилган қийматга эга, чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Польша бозорига экспорт қилиш, шунингдек, агросаноатдаги илғор технологияларни жорий этиш масалалари хусусида фикр алмашилди. Томонлар юқори сифатли мева-сабзавот уруғларини синов тариқасида Ўзбекистонда етиштириш ва полшалик мутахассислар билан тажриба алмашиш борасида ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришдилар.

Ўзбекистоннинг турли соҳаларига сармоя киритиб келаётган "EQUNICO" компанияси президенти Кшиштоф Длугош билан ўтказилган учрашувда, "BMB Holding" тизимидаги корхоналар томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Польшанинг энг йирик савдо тармоқларига етказиб бериш ҳамда биргаликда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир тўхтамга келинди.

Навбатдаги учрашув, Польшадаги озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи ишлаб чиқарувчи, ҳамда экспорт-импорт қилувчи "FoodWell" компаниясининг халқаро алоқалар бўйича вакили Заза Ахвледиани билан бўлиб ўтди. Унда майиз, ёнғоқ, бодом, қуритилган анжир ва бошқа маҳсулотларни Польшанинг йирик савдо тармоқларига етказиб бериш тўғрисида келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш