Logo

Германия пойтахтида "Қовун сайли" фестивали ташкил этилди

Сентябрь 02, 2025. 07:56 • 2 дақ

67
Германия пойтахтида "Қовун сайли" фестивали ташкил этилди

БЕРЛИН, 2 сентябрь. /"Дунё" AA/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Германия пойтахти Берлин шаҳрида "Қовун сайли" фестивали ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Берлиндаги "Intermarkt JUBY" савдо уйи билан ҳамкорликда ўтказилган сайилда маҳаллий аҳоли вакиллари, Германияда истиқомат қилаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз оила-аъзолари билан иштирок этди.

Эрта тонгдан ўзбек мусиқа садолари остида бошланган байрам сайли кечгача давом этди. Мамлакатимиздан келтирилган турли навдаги ширин қовун-тарвузлар немис халқига жуда манзур бўлди.

Ташриф буюрувчилар серқуёш юртимизнинг неъматларидан татиб кўриш, диёримиз гастрономик туризм имкониятлари билан танишиш, шунингдек, миллий матолар ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси билан танишиш имкониятига эга бўлишди.

"Intermarkt JUBY" – Шарқий Осиё мамлакатлари маҳсулотлари савдоси бўйича Германиядаги йирик савдо дўконларидан бири ҳисобланади. "Қовун сайли" билан бир вақтда мазкур савдо уйи очилганлигининг тўрт йиллик юбилейи ҳам нишонланди.

Таъкидлаш жоизки, бу ерда нафақат юртимиздан келтирилган полиз экинлари, балки турли ассортиментдаги қуритилган меваларни ҳам харид қилиш имконияти ҳам яратилди. Бу Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Европа бозорларига тобора кўпроқ кириб келаётганидан далолат беради.

– "Қовун сайли"бизга жуда ёқди. Ўзбекистондан келтирилган мазали қовунлардан, ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланган палов, кабоб каби ўзбек миллий таомларидан татиб кўрдик, – деди тадбир иштирокчиларидан бири Наталья Класс. – Мазкур савдо уйининг доимий мижозиман, бу ерга келтирилган маҳсулотлар сифати ва мазаси билан ажралиб туради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш