Ўзбек ширинликлари машҳур япон дўконларида сотила бошланди
Октябрь 10, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 322ТОКИО, 10 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Япониядаги “Natural Lawson” савдо тармоғи дўконларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қандолат маҳсулотлари сотуви бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу маҳсулотлар Япониядаги энг йирик савдо тармоқларидан бири ҳисобланган “LAWSON”нинг “NATURAL LAWSON” савдо дўконлари орқали япон истеъмолчиларига таклиф этилмоқда. “NATURAL LAWSON” дўконлари саломатлик, гўзаллик, табиийлик, сифат ва экологик тозаликни ўзида мужассам этган премиум маҳсулотларга ихтисослаштирилган “LAWSON”нинг махсус бренди ҳисобланади.
“LAWSON” компанияси дунё бўйлаб 25 мингта, Япония бўйлаб эса 15 мингдан ортиқ савдо дўконига эга бўлиб, унда 100 минг нафар ходим фаолият юритади. “NATURAL LAWSON” маҳсулотларни танлашда қатъий сифат, хавфсизлик ва таъминот занжири талабларига амал қилиши билан машҳур бўлиб, ушбу тармоққа маҳсулот етказиб бериш етказиб берувчилар учун юқори ишонч ва халқаро нуфуз белгиси ҳисобланади.
Жорий йил апрель ойида Токио шаҳрида ўтказилган озиқ-овқат саноати ва ичимликлар соҳасидаги халқаро “Anuga Select Japan” кўргазмаси доирасида элчихона томонидан Ўзбекистон ва Япония савдо компаниялари ўртасида ҳамкорлик учрашуви ташкил этилган эди.
Музокаралар доирасида миллий қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Puffi Chocomallow” компанияси ҳамда Япониянинг “VSP Co. Ltd.” савдо компанияси ўртасида қандолат маҳсулотларини Японияга етказиб бериш бўйича келишувга эришилган.
“VSP Co. Ltd.” компанияси озиқ-овқат соҳасида 20 йиллик тажрибага эга бўлган Япониянинг йирик савдо компанияларидан бири ҳисобланади. Унинг асосий фаолияти Япония бозорини озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат. Компаниянинг Япониянинг “LAWSON”, “AEON”, “KALDI Coffee Farm”, “Shinanoya”, “Konokuniya”, “Waismart”, “Okinawa San-A”, “Izumi”, “Halloday”, “Marukyu”, “Yamaya” каби йирик савдо тармоқлари билан шартномалари мавжуд.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, миллий брендни тарғиб қилиш ҳамда мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
2026 йилнинг январь–август ойларида Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 228,8 млн долларни, шундан экспорт 17,8 млн долларни ташкил этди. Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 2,6 млн долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 7 баробарга ошган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


