Исломободдан муносабат: Ўзбек тили бой луғавий захираси ва юксак бадиий услуби билан туркий тиллар орасида алоҳида ўрин тутади
Октябрь 17, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 90
ИСЛОМОБОД, 17 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистон Миллий тилларни ривожлантириш департаменти бош директори, профессор Муҳаммад Салим Мазҳар 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга ўзининг самимий табрикларини йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
– Ассалому алайкум, азиз Ўзбекистон халқи, муҳтарам қардошлар. Сизларни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Покистон Миллий тилларни ривожлантириш департаменти номидан самимий муборакбод этаман.
Тил – ҳар бир миллатнинг миллий ўзлиги, тарихи, маънавияти ва маданий меросини ўзида мужассам этган бебаҳо бойликдир. Она тили халқнинг асрлар давомида шаклланган тафаккури, урф-одатлари, қадриятлари ва орзу-интилишларини авлоддан авлодга етказувчи буюк маънавий хазина ҳисобланади. Шу боис тилни асраб-авайлаш, уни ривожлантириш ва келажак авлодларга безавол етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Ўзбек тили бой луғавий захираси, нафис ифода имкониятлари, юксак бадиий салоҳияти ва асрлар оша сайқалланиб келаётган адабий анъаналари билан туркий тиллар орасида алоҳида ўрин тутади. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби ўзбек халқининг буюк мутафаккирлари ижоди орқали юксак тараққиёт босқичига кўтарилган ўзбек тили бугун ҳам илм-фан, адабиёт, таълим ва маданият соҳаларида ўзининг бой имкониятларини намоён этиб келмоқда.
Ўзбек тили байрами нафақат она тилига бўлган эҳтиромни ифода этади, балки миллий меросни асраш, тил маданиятини юксалтириш ва ёш авлод қалбида миллий қадриятларга муҳаббатни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Покистон ва Ўзбекистон халқларини азалдан муштарак тарихий илдизлар, бой маданий мерос, маънавий яқинлик ва ўзаро ҳурмат ришталари боғлаб туради. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда тил ва адабиёт, илмий-маърифий алоқалар ҳамда маданий мулоқот муҳим аҳамият касб этади. Покистон Миллий тилларни ривожлантириш департаменти сифатида биз турли тилларни асраш, ривожлантириш, уларнинг маданиятлараро мулоқотдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва тиллар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни муҳим вазифалардан бири деб биламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек тилининг нуфузини ошириш, унинг бой имкониятларини кенг тарғиб этиш ва уни келажак авлодларга етказиш йўлида меҳнат қилаётган барча олимлар, зиёлилар, педагоглар, таржимонлар, ижодкорлар ҳамда тил фидойиларига чуқур миннатдорлик билдираман.
Айём арафасида барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, фаровонлик ва улкан муваффақиятлар тилайман. Ўзбек тилининг нуфузи доимо юксалсин, шуҳрати ва жозибаси жаҳон миқёсида янада кенг тараннум этсин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси