13–15 май кунлари Тошкентда “TextileExpo Uzbekistan” тўқимачилик ва тикувчилик саноати кўргазмаси бўлиб ўтади
Май 06, 2026. 15:55 • 2 дақ
• 134
ТОШКЕНТ, 6 май. /“Дунё” АА/. 2026 йил 13–15 май кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуасида 26-Халқаро тўқимачилик ва тикувчилик саноати кўргазмаси – “TextileExpo Uzbekistan 2026” ўз экспозицияларини намойиш қилишни бошлайди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
TextileExpo Uzbekistan – Марказий Осиёдаги тўқимачилик ва тикувчилик саноатининг энг йирик B2B платформаси бўлиб, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва профессионал харидорларни бирлаштиради.
Бу ерда харидорлар ишончли ҳамкорлар, долзарб тенденциялар ва ҳамкорликнинг қулай шартларини, соҳа вакиллари эса ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва оптималлаштириш учун комплекс ечимларни топади. Ташриф буюрувчилар таклифларни таққослаши, маҳсулот сифатини баҳолаши ва ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориши мумкин.
Ташкилотчилар маълумотларига кўра, 7 мамлакатдан 150 дан ортиқ ишончли етказиб берувчилар – “Zelal Tekstil”, “Terry Jar”, “SAMO”, “Osborn Textile”, “Elegant Garment”, “Virtus Tricot”, “Sulton Tex”, “Urganch Bahmal”, “Mergantex”, “Daka Tex”, “Aksarteks”, “Моготекс”, “YKK” ва бошқа компаниялар иштирок этади. Хитой компаниялари ҳам фаол қатнашади.
Экспозиция анъанавий равишда ишлаб чиқариш циклининг барча босқичларини – хомашёдан тортиб тайёр маҳсулот ва аксессуарларгача қамраб олади. Ташриф буюрувчилар эътиборига ип-калава, мато, трикотаж, фурнитура ва аксессуарлар, тайёр кийим-кечак, техник ва маиший тўқимачилик, пайпоқ маҳсулотлари, тўқимачилик саноати учун кимёвий моддалар ва бўёқлар тақдим этилади.
Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, “TextileExpo Uzbekistan” кўргазмасининг ўзига хос қисми бўлган анъанавий Bayer дастури – аниқ бизнес натижаларига эришишга қаратилган платформа: мақсадли B2B учрашувларини ўтказиш, узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва шартномалар тузиш режалаштирилган. Маҳаллий компаниялар учун бу халқаро бозорларга чиқиш ва экспортни кенгайтиришнинг самарали канали ҳисобланади. Харидорлар учун кўргазмада вақтдан унумли фойдаланиш ва асосий етказиб берувчиларга устувор кириш имконини берувчи эксклюзив иштирок шартлари мавжуд.
Харидорлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш қуйидаги ҳавола орқали амалга оширилади: https://textileexpo.uz/ru/buyer_registration
Кўргазмага шахсий нишон олиш учун https://bit.ly/TE_ru_reg сайтида рўйхатдан ўтиш лозим.
Кўргазма ташкилотчиси: “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group”.
Қўшимча маълумот олиш учун қуйидаги манзилга мурожаат қилинг:
Тел: + (998 71) 205-14-14.
E-mail: textileexpo@iteca.uz; www.textileexpo.uz.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси