“BMB HOLDING” маҳсулотлари АҚШ савдо вазирига тақдим этилди
Май 06, 2026. 17:25 • 2 дақ
• 125ТОШКЕНТ, 6 май. /“Дунё” АА/. “BMB HOLDING” холдинги асосчиси Бекзод Маматқулов АҚШ савдо вазири Говард Лютникка “BMB Za’faron” миллий бренди остидаги маҳсулотларни топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Шу кунларда АҚШда “SelectUSA” нуфузли халқаро инвестиция саммити бўлиб ўтмоқда. Ушбу йирик халқаро платформа бутун дунёдан инвесторлар, етакчи компаниялар, молиявий институтлар ва давлат тузилмалари вакилларини бирлаштириб, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда стратегик ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
4 май куни саммит доирасида ялпи мажлис ва кўргазманинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва мамлакатимиз элчиси Фурқат Сидиқов, шунингдек, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига АҚШ савдо вазири Говард Лютник табрик сўзи билан мурожаат қилди. Ўз нутқида у АҚШнинг очиқ иқтисодий сиёсати, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда янги инвестиция имкониятларини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Говард Лютник хорижий инвесторлар учун шакллантирилаётган қулай ҳуқуқий ва институционал муҳит янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим омил эканини таъкидлади.
Кўргазманинг очилиш маросимида меҳмонларга “BMB HOLDING”нинг юқори қўшимча қийматли маҳсулотлари, жумладан, заъфарон ҳамда қуритилган ва чуқур қайта ишланган мева-сабзавотлар намойиш этилди.
Холдинг маҳсулотларининг экологик тозалиги, халқаро стандартларга мослиги, экспорт географиясини кенгайтириш борасидаги стратегияси ҳамда замонавий қайта ишлаш технологиялари ҳақида маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Шу билан бирга, Говард Лютникнинг холдинг Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов билан бўлиб ўтган мулоқоти давомида “BMB HOLDING” бренди АҚШ бозорига изчил кириб бораётгани алоҳида эътироф этилди. Қолаверса, экспорт салоҳиятини янада ошириш, маҳсулот турларини диверсификация қилиш ва икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Айниқса, “BMB Za’faron” маҳсулотларининг АҚШда юқори баҳоланиши ва уларнинг “USDA Organic” халқаро сертификатига эгалиги маҳсулот сифати, хавфсизлиги ва экологик стандартларга тўлиқ жавоб бериши алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида Бекзод Маматқулов вазирга “BMB Za’faron” миллий бренди маҳсулотларини тақдим этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



