Верена Хагг: Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотлар ва янада қулай инвестиция муҳитини яратишга қатъий интилишини намойиш этмоқда
Май 06, 2026. 16:55 • 2 дақ
• 52
САМАРҚАНД, 6 май. /“Дунё” АА/. Австрия Молия вазирлиги вакили Верена Хагг “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Самарқандда бўлиб ўтаётган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишининг аҳамияти ҳақида фикр билдирди:
– Ўзбекистон ушбу тадбирга иккинчи бор мезбонлик қилмоқда. Бу мамлакатнинг хусусий компаниялар ва халқаро ҳамкорлик учун очиқлигидан далолат. Қолаверса, ушбу ташаббуслар иқтисодий ислоҳотлар ва янада қулай инвестиция муҳитини яратишга бўлган қатъий интилишни кўрсатади.
Очилиш маросими, айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи катта таассурот қолдирди. У ўз нутқида Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда босиб ўтган йўлига тўхталиб, иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва жамиятга янада инклюзив ёндашувни таъкидлади. Шунингдек, у ОТБ каби халқаро институтлар билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигига эътибор қаратди.
Бошқарувчилар кенгаши йиғилишининг якунлари, айниқса, иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқот нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлди. Фикрлар турлича бўлса-да, иқлим ташаббусларини молиялаштиришни кучайтириш бўйича умумий интилиш мавжуд. Иқлим ўзгаришига қарши кураш Осиё учун айниқса долзарб бўлиб, Ўзбекистон қайта тикланадиган энергияга инвестицияларни кўпайтириш орқали муҳим роль ўйнаши мумкин. Бу йўналиш, янада рақамлаштириш ва кенгроқ иқтисодий ривожланишга ёрдам беради.
Самарқанд бой тарих ва юксак маданиятга эга шаҳар сифатида менда катта таассурот қолдирди. Унинг меъморий меросини асраб-авайлаш ва эҳтиёткорлик билан қайта тиклаш ишлари алоҳида эътиборга лойиқ. Бу жараён шаҳарда анъаналарга чуқур ҳурмат ва келажакка интилиш уйғунлигини яққол намоён этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси