Ҳиндистонда муссон ёмғирлари туфайли камида 25 киши ҳалок бўлди
Июль 20, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 238
ДЕҲЛИ, 20 июль. /“Дунё” АА/. Ҳиндистон шимоли ва шимоли-шарқида кучли муссон ёмғирлари келтириб чиқарган сув тошқинлари ҳамда кўчкилар оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, кўплаб одамлар бедарак йўқолди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлиги маълумотига таяниб.
Расмийларнинг маълум қилишича, яқин кунларда минтақада яна кучли ёғингарчилик кутилмоқда. Ҳиндистоннинг Кашмирида, хусусан, Пунч, Ражури ва Дода туманларида жала билан боғлиқ турли ҳодисаларда камида 15 киши ҳаётдан кўз юмди. Яна бир неча киши бедарак йўқолган.
Нагаленд штатида давомли ёмғирлар сабабли юзага келган кўчкилар тўққиз кишининг умрига зомин бўлди. Қутқарувчилар тўрт нафар ҳалок бўлганнинг жасадини топди. Қўшни Ассам штатида эса сув тошқини натижасида бир киши вафот этди, кучли ёмғирлардан етти туманнинг 57 мингдан ортиқ аҳолиси жабр кўрди.
Непалда июнь ойи ўрталарида муссон мавсуми бошланганидан буён сув тошқинлари, кўчкилар, кучли ёмғирлар ва чақмоқ уриши оқибатида 27 киши ҳалок бўлди, бир киши бедарак йўқолди, яна 69 киши жароҳатланди. Кўчкилар туфайли бир нечта автомагистраль, жумладан, Катмандуни мамлакатнинг жанубий ҳудудлари билан боғлайдиган трасса ҳам ёпиб қўйилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси