Ўзбекистон ва Беларусь меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Июль 21, 2026. 12:00 • 2 дақ

184
Ўзбекистон ва Беларусь меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

МИНСК, 21 июль. /“Дунё” АА/. Миграция агентлиги директори ўринбосари Элёр Тоштемиров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси хизмат сафари билан Беларусда бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида мамлакатимиз элчихонаси томонидан “Минск автомобиль заводи” ОАЖ раҳбарияти ҳамда мазкур корхонада меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар билан учрашув ташкил этилди.

“Минск автомобиль заводи” ОАЖ бош директори Валерий Иванкович билан бўлиб ўтган музокараларда корхонадаги мавжуд бўш иш ўринларига Ўзбекистон фуқароларини жалб қилиш, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш ва ишга қабул қилиш жараёнларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар корхона эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистондан малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Сафар доирасида делегация завод ҳудудида яқинда фойдаланишга топширилган янги ишлаб чиқариш корпусини ҳам кўздан кечирди. Шунингдек, мазкур корхонада меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказилди.

Мулоқот чоғида мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижда бўлиб турган ватандошларга кўрсатилаётган консуллик, ҳуқуқий ва амалий кўмак чоралари ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Ташриф якунида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, фуқароларни хавфсиз, қонуний ва муносиб меҳнат шароитлари билан таъминлаш юзасидан ўзаро ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш