Европа Иттифоқи Арманистондан импорт қилинадиган товарларнинг асосий қисмига божларни бекор қилади
Июль 05, 2026. 11:15 • 2 дақ
• 67
EРЕВАН, 5 июль. /“Дунё” АА/. Европа Иттифоқи (ЕИ) раиси Урсула фон дер Ляен Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашув якунлари бўйича ЕИ Арманистон экспортининг 80 фоизи учун ўз бозорига божсиз киришни таъминлашини маълум қилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири “DW”га таяниб.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор Арманистон ва ЕИ ўртасидаги шериклик мустаҳкамланаётгани фонида қабул қилинган. Хусусан, божсиз режим Арманистоннинг янги узилган меваларининг 99 фоизига ҳамда ичимликлар ва алкоголли маҳсулотларнинг 91 фоиздан ортиғига қўлланилади.
Шунингдек, Урсула фон дер Ляен ЕИ Арманистонга 52 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатаётганини билдирди. Ушбу маблағнинг 34 миллион евроси аллақачон ўтказилган, қолган 18 миллион евро эса яқин вақт ичида ажратилади. Шундан сўнг ЕИнинг Арманистонга кўрсатадиган умумий ёрдами ҳажми 288 миллион еврога етади.
ЕИ Арманистон Жанубий Кавказда барқарорлик ва демократик мустаҳкамлик таянчи бўлиб қолаётганини таъкидлади. Брюссель, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчликка эришиш йўлидаги тараққиётни ҳамда Ереван ва Анқара ўртасидаги муносабатлар нормаллашуви давом этаётганини олқишлади.
Урсула фон дер Ляеннинг таъкидлашича, Арманистонда яқинда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижалари ушбу мамлакатда демократия тамойилларини намоён этган. “Арман халқи ислоҳотларни ва Европа Иттифоқи билан янада яқинроқ шерикликни танлади”, – дея қайд этди у.
Бундан ташқари, ЕИ транспорт, энергетика ва рақамли коммуникациялар соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида. Қиймати 200 миллион еврога тенг “Тинчлик учун алоқа” ташаббуси доирасида Жанубий Кавказда коммуникацияларни ривожлантиришга 2 миллиард еврогача давлат ва хусусий сармояларни жалб қила оладиган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
ЕИ раҳбари “Тинчлик дивидендлари” дастури бўйича Арманистон ва Озарбайжонда маҳаллий ҳамжамиятларни ривожлантириш учун 20 миллион евро ажратилишини алоҳида эълон қилди. Маблағлар соғлиқни сақлаш, ҳудудларни миналардан тозалаш, касбий кўникмаларни ривожлантириш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси