Озарбайжонда болаларга ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш тақиқланади

Июль 04, 2026. 10:30 • 2 дақ

136
Озарбайжонда болаларга ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш тақиқланади

БОКУ, 4 июль. /“Дунё” АА/. Озарбайжон Парламенти вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини чекловчи қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Deutsche Welle”га таяниб.

Мазкур ҳужжатга кўра, 16 ёшгача бўлган болаларга аккаунт яратиш тақиқланади. 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар платформалардан фақат қонуний вакилларнинг розилиги ва назорати остида фойдаланиши мумкин. Ёшни текшириш учун банк картаси, мобил телефон ва электрон почта орқали шахсни тасдиқлаш механизмлари мавжуд.

Шунингдек, чора ижтимоий тармоқлар эгаларига вояга етмаган фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини юклайди. Бунинг учун турли зарарли контент тарқалишининг олдини олиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда хавфли маълумотларни тезда ўчириб ташлаш талаб этилади. Қоидабузарликлар учун жарималар кўзда тутилган.

Қонун лойиҳалари расман эълон қилинганидан кейин 12 ой ўтгач кучга киради. Озарбайжонда қонун лойиҳасини тайёрлашда ушбу соҳадаги халқаро тажриба кенг ўрганилди.

Қонун чиқарувчиларнинг фикрича, янги нормалар интернет оламида болаларни ҳимоя қилишни кучайтириб, халқаро амалиёт бўйича ушбу жараённи тартибга солади.

Эслатиб ўтамиз, Австралия дунёда биринчи бўлиб болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлаган эди. Чекловлар 2025 йил декабрь ойида кучга кирди. Қоидабузарликлар учун ижтимоий тармоқ эгалари жавобгардир.

Шундан сўнг, Франция, Норвегия, Испания ва бошқа бир қатор мамлакатларда ҳам шундай чоралар тайёрланаётгани маълум бўлди. Июнь ойида Буюк Британия 16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашини эълон қилди. Худди шу ойда Индонезияда 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга тегишли 4,7 миллионга яқин ижтимоий тармоқ аккаунтлари фаолсизлантирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш