Ўзбекистон расман Халқаро тарози ва ўлчовлар бюросининг тўлақонли аъзоси бўлди
Апрель 15, 2026. 19:45 • 2 дақ
• 95
ТОШКЕНТ, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон расман Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси(BIPM)нинг тўлақонли аъзоси сифатида эътироф этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
2025 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Президенти томонидан “Халқаро метрик конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонун имзоланган эди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизнинг халқаро метрология тизимига интеграциялашуви учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Мазкур қадам орқали Ўзбекистон 1875 йилда ташкил этилган нуфузли Халқаро метрик конвенциянинг тўлақонли иштирокчисига айланиш имкониятини қўлга киритди.
2026 йил 13 апрель куни ушбу жараён мантиқий якунига етди – Ўзбекистон расман Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси(BIPM)нинг тўлақонли аъзоси сифатида эътироф этилди. Бу воқеа мамлакат метрология соҳаси учун беқиёс аҳамият касб этади.
Мазкур аъзолик Ўзбекистонга халқаро ўлчов стандартларини шакллантириш жараёнларида иштирок этиш, BIPM ва унинг консультатив қўмиталари фаолиятида тўлақонли қатнашиш имконини беради. Шу билан бирга, миллий мутахассисларнинг халқаро даражада малакасини ошириш, ўлчашлар бирлигини замонавий талаблар асосида таъминлаш имкониятлари кенгаяди.
Бу эса, ўз навбатида, маҳсулот ва хизматларнинг халқаро бозорда рақобатбардошлигини ошириш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларни яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон BIPMга аъзо давлат сифатида ташкилот йиғилишларида иштирок этиш, овоз бериш ва сайловларда ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлди.
Конвенцияга қўшилиш мамлакатимизда аниқ, ишончли ва халқаро стандартларга жавоб берадиган ўлчаш тизимини шакллантиришга замин яратади. Бу эса халқаро ҳамкорлар, инвесторлар ва ташкилотларнинг Ўзбекистон маҳсулотлари, хизматлари ва сертификатларига бўлган ишончини янада оширади.
2026 йил 13 апрель санаси Ўзбекистон метрологияси тарихига алоҳида аҳамиятга эга кун сифатида белгиланди. Бу нафақат муҳим воқеа, балки мамлакатимизнинг илмий-техник тараққиёти ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш йўлидаги салмоқли қадамдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси