Европа Иттифоқи Брюсселда “Толибон” ҳаракати вакиллари билан миграция масалалари юзасидан музокара ўтказади

Июнь 23, 2026. 17:30 • 3 дақ

80
Европа Иттифоқи Брюсселда “Толибон” ҳаракати вакиллари билан миграция масалалари юзасидан музокара ўтказади

БРЮССЕЛЬ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Бельгия Европа Иттифоқининг Брюсселда миграция масалалари бўйича ўтказиладиган учрашувида иштирок этиши учун Афғонистон делегацияси аъзоларига бешта виза берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Al Jazeera” телеканалига таяниб.

Ушбу учрашув Толибон ҳаракати қарийб беш йил аввал Афғонистонда ҳокимият тепасига қайтганидан буён Европа Иттифоқи унинг вакилларини илк бор қабул қилиши бўлиши кутилмоқда. Ўшандан сўнг Европа давлатлари Қобулдаги элчихоналарини ёпган эди.

Бельгия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг телеканалга маълум қилишича, визалар хавфсизлик текширувидан сўнг берилган. Улар фақат Бельгия ҳудудида ва бор-йўғи бир кун давомида амал қилади.

Европа комиссияси Афғонистондан Иттифоққа аъзо 27 давлатга ноқонуний миграция, бошпана сўраб топширган аризалари рад этилган афғонистонликларни депортация қилиш масалаларини муҳокама этиш учун толиблар вакилларини таклиф қилганини билдирди.

“Аъзо давлатлар жиддий жиноятлар содир этган ва хавфсизликка потенциал таҳдид соладиган шахсларни қайтариш йўлларини ўрганмоқда. Айни пайтда Комиссия айнан шу ташаббус билан шуғулланмоқда”, – деди Еврокомиссия расмий вакили Маркус Ламмерт Европа Иттифоқининг кундалик брифингида.

Шу билан бирга, Еврокомиссия ушбу учрашувнинг ўтказилиши Брюссель томонидан Толибон ҳокимиятининг расман тан олинишини англатмаслигини алоҳида таъкидлади. Музокараларга ҳаракатнинг айнан қайси вакиллари таклиф этилганига аниқлик киритилмаган. Толибоннинг бир қатор юқори мартабали раҳбарлари ҳамон Европа Иттифоқи санкциялари остида қолмоқда.

Шунингдек ўқинг

“Аъзо давлатларнинг асосий эътибори жиддий жиноятлар содир этган ёки хавфсизликка таҳдид туғдираётган шахсларга қаратилган”, – деб қайд этди Маркус Ламмерт.

Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, 2013 йилдан 2024 йилгача Иттифоқ мамлакатлари Афғонистон фуқароларидан бошпана сўраб бир миллионга яқин ариза қабул қилган. Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатдан 20 га яқини ўтган йили Европада қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларни, айниқса, жиноий жавобгарликка тортилган шахсларни Афғонистонга қайтаришдан манфаатдор эканини билдирган.

Аввалроқ Европа Иттифоқининг ички ишлар ва миграция бўйича комиссари Магнус Бруннер толиблар билан алоқа ўрнатиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Брюсселнинг Европа Иттифоқи мамлакатларига ноқонуний кириб келган, бошпана излаётган афғонларни қайтариш масаласида Афғонистоннинг амалдаги ҳокимияти билан музокара олиб боришдан бошқа чораси йўқлигини айтган эди.

Европа Иттифоқи қонунчилиги оғир жиноятлар учун ҳукм қилинган ёки хавфсизликка таҳдид деб топилган шахсларни депортация қилишга рухсат беради, бироқ мамлакатнинг ҳозирги ҳукумати билан дипломатик алоқалар йўқлиги сабабли бу масала чекланганлигича қолмоқда.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш